Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 1 декабрь куни "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5270-сонли фармонни имзолади. Бу ҳақида Президент матбуот хизматида хабар берилди.

Унда аҳоли билан ўтказилган очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот якунлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик бўйича амалий чоралар кўриш ҳақидаги таклифлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, қуйидагилар ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳисобланади:

  • ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;
  • тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва мезонларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш даражаси ва сифатини, шу жумладан диагностика, даволаш ва реабилитациянинг замонавий услубларини қўллаган ҳолда юқори технологияли ихтисослашган тиббий ва ижтимоий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали ошириш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишнинг самарали механизмларини яратиш, ногиронликнинг белгилари пайдо бўлган вақтдан бошлаб уларни кузатиб бориш ва қўллаб-қувватлашнинг, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволини таъсирчан мониторинг қилиш, уларнинг турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолаш, индивидуал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи ягона комплекс тизимини жорий этиш;
  • тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар ўсишининг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ва олдини олишни ҳам назарда тутувчи профилактика тадбирларини кенгайтириш бўйича скрининг текширувларининг самарадорлигини кўтариш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий мухофазасини кучайтириш, уларнинг уй-жой-маиший ва бошқа яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ва моддий ёрдамни кенгайтириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, шу жумладан сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш;