Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3221-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

“Темир йўл маҳсулотларини сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

“Путур етказмасдан назорат қилиш лабораторияси” давлат унитар корхонаси тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Қуйидагилар фаолиятни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази учун - ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича тузилган шартномалар доирасида пулли таълим хизматлари кўрсатишдан тушадиган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

“Темир йўл маҳсулотларини сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси учун - темир йўл маҳсулотларини сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича тузилган шартномалар доирасида пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

“Путур етказмасдан назорат қилиш лабораторияси” давлат унитар корхонаси учун - путур етказмасдан назоратни амалга ошириш бўйича тузилган шартномалар доирасида пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

3. Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Мажбурий тартибда сертификатланадиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига темир йўл маҳсулотларининг тегишли турларини киритишга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.