Жаҳон | 06:59 / 08.12.2017
7363
2 дақиқада ўқилади

Аргентинанинг собиқ президенти давлатга хиёнатда айбланди

Фото: EPA/SIMELA PANTZARTZI

Аргентинанинг собиқ президенти Кристина Фернандес де Киршнерга теракт бўйича қўйилган айбловлар ўз ичига давлатга хиёнатни ҳам олади. Бу ҳақда судья Кладио Бонадионинг қарорида айтилган.

Ҳужжатга кўра, судья собиқ президентни “давлатга хиёнат”, 1994 йилда Буэнос-Айресда яҳудийлар маданият марказида содир этилган терактнинг тергов қилинишига қаршилик кўрсатиш каби жиноятлар иштирокчиси деб ҳисоблаган ҳолда ҳибсга олишга кўрсатма берган.

Шундай айбловлар Аргентина ташқи ишлар вазири Эктор Тимерман ва яна бир неча собиқ амалдорларга қўйилган. Судьянинг фикрича, Кристина де Киршнер ва унинг бошчилигидаги ҳукумат аъзолари лавозимларида кўзда тутилган ваколатларни суистеъмол қилиб, давлатнинг ва терактда жабрланган одамларнинг манфаатларига путур етказганлар.  

Кристина де Киршнер октябрда сенатор этиб сайлангани ва парламент дахлсизлигига эга бўлгани сабабли, судья парламентнинг олий палатасига собиқ президентни дахлсизликдан маҳрум этиш бўйича сўров юборишини айтган. Судьянинг фикрича, собиқ президент ҳукм чиқарилгунча озодликда қолиши керак эмас, чунки терговга қаршилик кўрсатиши мумкин. Шунингдек, судья собиқ президентнинг 50 млн песолик (2,9 млн долларлик) активларига тақиқ қўйишга қарор қилган.  

Собиқ президентни дахлсизликдан маҳрум этиш учун бу қарорни 72 ўринли сенатнинг учдан икки қисми қўллаб-қувватлаши керак. Айни вақтда собиқ президент ва унинг яқин сафдошларига юқори палатада 8 ўрин, амалдаги ҳукумат тарафдорларига 24 ўрин тегишли. Қолган сенаторлар бошқа мухолиф партиялар вакиллари ҳисобланадилар.

Мавзуга оид