«Трибуна» Европа яшил майдонларида дам олиш кунлари ўтказиладиган асосий ўйинлар анонсини тақдим этади.

ВЕСТ ҲЭМ – ЧЕЛСИ (9 декабрь, 17:30)

Бу ҳафта Англия Премьер лигасида учта дерби бўлиб ўтади. Илк ўйин Лондон дербиси. «Вест Ҳэм» сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турган бўлса-да, масалан, ўтган турда «Манчестер Сити»га қарши ўйинда жуда яхши салоҳиятга эга эканини намойиш қилди. Мойес шогирдларининг энди ўз майдонларида етакчилардан бири билан муносиб кураша олишларига ишонса бўлади. Жамоа АПЛда 8 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмай келаётган бўлса-да, «Вест Ҳэм» алоҳида бир учрашувда ҳар қандай рақибга муаммо туғдириши мумкин, мисол учун, Англия Лига кубогида «Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалабани эслайлик. Ўтган йили ҳам худди шу мусобақада улар «Челси»ни мағлуб этишганди.

Бунинг устига, «Челси»нинг ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида кучли рақиб билан майдонга тушганини ҳам унутмаслик керак. Тўғри, лондонликлар ўтган турда кейинги босқич масаласини ҳал қилгандилар, аммо бу ўйин гуруҳдаги 1-ўринни аниқлашда жуда муҳим эди. 

Умуман бу жамоалар ўртасидаги баҳсларда «Челси»нинг натижалари анча юқори бўлса-да, сўнгги 6 ўйинда фақат минимал ҳисоб ёки дуранг қайд этилган. Шу фактнинг ўзи ҳам эртага жуда кескин учрашув кўришимиз мумкинлигига асос бўла олади.

БЁРНЛИ – УОТФОРД (9 декабрь, 20:00)

Бу мавсумда ҳаммани энг кўп ҳайрон қолдираётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. Чемпионат бошланмасидан Англияда илк 6 ўринни кимлар эгаллаши аниқдек кўринган, кейинги ўринларни эса, кўпроқ ёзда яхшигина трансфер компанияси олиб борган «Эвертон», «Вест Ҳэм» каби жамоалар эгаллашини кутишганди.

Аммо Шон Дайч ва Маркус Сильва (қизиғи, ҳар икки мураббийга «Эвертон» қизиқиши билдирмоқда) жамоалари ўртамиёналар ичида жуда кучли ўйин намойиш этишмоқда ва Топ-6 га жуда яқин туришибди. Атиги икки йил олдин бу икки жамоа Чемпионшипда орани очиқ қилиб юрганликларига ишониш қийин.

РЕАЛ – СЕВИЛЬЯ (9 декабрь, 20:15)

Мадрид клуби «Севилья»ни ўз майдонида қабул қилган сўнгги 11 учрашувда фақат ғалаба қозонган. Аммо ҳеч қачон ўйин олдидан бу қадар муаммоли ҳолатда қолмаган бўлса керак.

Бильбаодаги ўйин «Реал»дан муҳим 2 очкони тортиб олиш билан биргаликда, биратўла уч муҳим футболчини сафдан чиқарди. Серхио Рамос қизил карточка олган бўлса, Карвахаль ва Каземиронинг сариқ карточкалари кўпайиб қолгани туфайли навбатдаги учрашувда майдонга туша олмайди. Бунинг устига Гарет Бэйл, Рафаэл Варан каби футболчиларда жароҳат борлигини инобатга олсак, «Севилья» омадли якундан умид қилса бўлар, балки.