Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳридаги 2- сон оилавий поликлиниканинг 480 ташрифга мўлжалланган биноси 5,5 млрд. сўм маблағ эвазига Инвестиция дастури доирасида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.



Поликлиниканинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Туробжон Жўраев сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасига қилаётган эътибор, тармоқдаги ислоҳотлар ва янги оилавий поликлиникалар ташкил қилиш ва унга тор соҳа мутахассислари таркибини мувофиқлаштириш хусусида гапириб ўтди.


Самарқанд шаҳрининг 37 та маҳалласида истиқомат қилаётган 80 мингга яқин аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида мазкур поликлиникада терапевт, педиатр, хирург, акушер-гинеколог, стоматолог, эндокринолог, ЛОР ва УТТ врачи каби тор соҳа шифокорлари томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилиши билан бир қаторда 20 ўринли кундузги стационар, ижтимоий дорихона, фитобар ва фуқаролар электрон тиббий карта базаси ҳамда электрон навбат тизими йўлга қўйилди. Бундан ташқари, замонавий стомотологик кресло, биохимик анализатор билан жиҳозланди.





Алоҳида таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 9–10 ноябрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида шаҳар аҳолиси саломатлигини янада яхшилаш мақсадида берган топшириқларига биноан ҳозирда ушбу тиббиёт муассасасини 450 минг АҚШ доллари миқдорида замонавий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.




















