Давлат номи унинг аҳолисига фахр туйғусини сингдиради. Етакчилар ўз нутқларида улардан фойдаланишади. Бироқ биз ўз исмимизни ўзимиз танлай олмаганимиз каби миллатлар ҳам ўз номини мерос қилиб олган.
Олимларнинг тадқиқотларига мувофиқ, мамлакат номларининг аксарияти тўрт тоифага бўлинади:
- географик жойлашув;
- маҳаллий ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари;
- этник гуруҳ номи;
- тарихий арбоб номи.
Бундан ташқари, тадқиқотларнинг кўрсатишича, мамлакатлар ўз номларини деярли ҳеч қачон халқ орасида овозга қўйиш орқали олишмайди. Шу боис уларнинг тузилмаси камдан-кам ҳолатларда одамлар истаган миллий сифатлар билан белгиланади. Масалан, эркинлик, куч-қудрат ёки адолат.
Топонимика, географик номларни ўрганиш
"Америка" ёки "Папуа-Янги Гвинея" деганда аслида нима ҳақида гапираётганимизни аниқлаш учун Quartz портали ажойиб топонимик маълумотнома — Жон Эверетт-Хитнинг "Жаҳон географик номлари бўйича Оксфорд қисқа луғати"га мурожаат қилди. Давлатларни сиёсий тузилмаларига кўра тоифалаб чиқиш учун тан олинган 195 мамлакатнинг барчаси ҳақида битталаб маълумот тўпланди. Шу билан бирга, эндонимлар + мамлакатларнинг ўзи ўзига берувчи ва умумқабул қилинган номлардан фарқланувчи номлар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Масалан, Хитой ўрнига Чжунго, Финляндия ўрнига Суоми ва ҳ.к. Агар мамлакат ўз таркибида мавжуд жой шарафига номланган бўлса - масалан, Чад давлати - Чад кўли номидан келиб чиққан ёки Жазоир ўз таркибидаги шаҳар Жазоир номидан келиб чиққан — дастлабки ном этимологиясини тадқиқ қилиш учун имкон қадар ҳаракат қилинди.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, исм ва номларнинг келиб чиқишида кўпинча чалкашликлар бўлади, шунинг учун бу масалада мутлақ аниқлик бўлиши қийин. Баъзан энг қизиқ ва жалб қилувчи тарихлар шунчаки тўқима бўлади. "Халқ этимологиясидан (номларнинг келиб чиқишини уларнинг жаранги ёки орфографияси жиҳатидан ўхшашлиги билан изоҳлашга бўлган ҳаракатлар) огоҳ бўлинг", - деб ёзади Жон Эверетт-Хит. — "Афсоналар кўпинча манфаатни, камдан-кам ҳолатларда эса — қадр-қимматни кўзлайди".
Quartz портали дунё мамлакатлари номлари келиб чиқишини 4 тоифага ажратди.
I. Қабилалар, қиролликлар, этник гуруҳлар
Шубҳасиз, дунё мамлакатларининг замонавий номлари (аниқроғи, учдан бири) бирор қадимий инсонлар гуруҳидан олинган. Бунга яққол мисол сифатида Европани келтириш мумкин. Франция номи франклар, Италия номи - виталлардан, Швейцария номи - Швиц кантонидан келиб чиққан. "Тэхан мингук" — бу Жанубий Кореянинг корейсча номи. "Тэхан" - "Буюк хон" деган маънони билдиради ва эрамиздан аввалги II асргача Корея ярим оролида яшаган хонларнинг уч қабиласидан келиб чиққан. Вьетнам вьетларнинг жанубий қабиласини билдиради.


















