2017 йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 814-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида божхона ҳудудига кириб келиш ва чиқишда “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий қилинмоқда. Фуқароларимиз “яшил” ва “қизил” йўлаклардан ўтиш борасида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилмоқда. Давлат божхона қўмитаси қуйида энг кўп берилаётган саволлар ва уларнинг жавобларини тақдим этган. 

1. Икки йўлакли тизимдан кимлар фойдаланиш ҳуқуқига эга?
Икки йўлакли тизимдан барча жисмоний шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга.

2. “Яшил” ва “қизил” йўлаклар бир-бирларидан нима билан фарқ қилади?
Ушбу йўлакларнинг бир-биридан фарқи олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш турида. Яъни, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки декларациялайди, “қизил” йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи эса товар ва валюта бойликларини ёзма декларациялайди.

3. “Яшил” йўлак орқали оғзаки декларацияланган ҳолда исталган миқдор ва қийматдаги товар ва валюта бойликларини олиб ўтиш мумкинми?
Йўқ. “Яшил” йўлак орқали жисмоний шахслар нотижорат мақсадда фақатгина Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги товар ва валюта бойликларини олиб ўтишлари мумкин:

– олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар;
– қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган товарлар;
– ёзма декларациялаш талаб этмайдиган ҳамда олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат этилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ҳамда хорижий валютасининг чекланган нормалари миқдоридаги маблағлар.

4. “Яшил” йўлакдан ўтишим учун ўзим билан олиб келган багажнинг оғирлиги неча кг.дан ошмаслиги лозим?
“Яшил” йўлак орқали жисмоний шахсларнинг ҳаракатланишида уларнинг багажларининг умумий оғирлиги бўйича божхона органларида чеклов йўқ, бироқ олиб ўтилаётган товар нотижорат мақсадида ва олиб кириш ёки олиб чиқиш тақиқланмаган товарлар ҳамда қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ҳамда акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошмайдиган бўлиши лозим.