Сўнгги вақтларда нафақат хориж ўлкаларида, балки Ўзбекистонда ҳам ўзини осиб қўйгани, ёқиб юборгани хусусида хабарлар элас-элас қулоғимизга чалинмоқда. Хусусан, Хоразм вилоятида, Қорақалпоғистон Республикасида, Фарғона водийсида шундай ҳолатлар қайд этилди. Ўзжонига қасд қилганларнинг айримлари тирик қолган бўлса, бошқалари Аллоҳ берган улуғ неъматлардан бири тирикликдан ўз қўллари билан маҳрум бўлишди. 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими Исҳоқжон Бегматов томонидан ёзилган қуйидаги мақолада жамиятдаги ўз жонига қасд қилишдек муаммонинг бир қанча сабаблари ва уларнинг ечимига доир фикрлар келтирилган. 

Сабаблар:
- динсизлик;
- маърифатсизлик;
- тўқчилик;
- йўқчилик;
- шаҳвоний, нафсоний севги;
- ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими сифатида кўриш;
- ўлимнинг ҳақиқати, қабр азоби, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва дўзахдаги азоб-уқубатлардан бехабарлик;
- руҳий  хасталик.

1.    Динсизлик. Инсон мутлақо динсиз бўлиши ҳам мумкин ёки ўзини диндор ҳисобласа-да, аслида диннинг моҳиятини тушунмаслиги ҳам мумкин. Чунки диндорлик нафақат ўз жонига қасд қилиш, балки бошқанинг жонига қасд қилиш, ҳаттоки оддий ҳайвонларнинг жонига ҳам ноўрин қасд қилишни ман этади. Яъни уларни бесабаб ўлдиришни қаттиқ қоралайди ва бундай жиноятларни қилганларга алоҳида жазолар белгилайди. Қолаверса, дин инсонни юмшоқ кўнгилли, меҳрибон, раҳмдил, шафқатли, камтар, ҳокисор ва беозор қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам ҳақиқий диндор жиноят содир этмайди. Аксинча, айрим динсизлар ўз жонига қасд қилишни оддий эрмак ёки жасорат деб ўйлайди. Кейинги пайтларда интернет саҳифаларида пайдо бўлган “Кўк кит” деган ўйин айнан шунинг далилидир. Биргина шу ўйин сабабли дунёда қанчадан-қанча ёшлар ўз жонига қасд қилди. Афсуски, бизнинг юртимизда ҳам мазкур ўйин домига тушиб ўз жонига қасд қилганлар йўқ эмас.

2.    Маърифатсизлик. Инсон зотининг энг катта муаммоси жоҳилликдир. Чунки диндор маърифатсиз бўлса унинг диндорлиги фойда бермайди. Зотан, ўзининг дини тўғрисида саводсиз бўлиши, унинг нодон эканига кифоя қилади. Нодон эса ҳар қандай жиноятни қилишдан хижолат бўлмайди. Негаки, у жиноят қилишига унинг нодонлиги кифоядир. Шунинг учун ҳам фарзандни болалигиданоқ нафақат дунёвий, балки диний илмларнинг ҳам билимдони қилиб тарбиялаш керак. Чунки Роббисини таниган банда осийлик қилмайди. Бунинг учун эса бандаларнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббати жо бўлишининг ҳаракатини қилиш керак. Мазкур туйғуни, муҳаббатни эса руҳий тарбияни яхши йўлга қўйиш билангина ҳосил қилиш мумкин.