17 декабрь куни Кака футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида расман эълон қилди. 

Кейинги 10 йил мобайнида Криштиану Роналду ва Лионель Мессидан бошқа футболчи «Олтин тўп» олишини тасаввурига келтира олмайдиган мухлислар авлоди етишиб чиқди. Бу икки футболчи 2008 йилдан буён 5 мартадан дунёнинг энг яхши футболчиси унвонини қўлга киритган. Уларнинг бирини ўзга сайёралик дейишади, иккинчиси замонавий футболдаги атлетизм намунаси. Шу омиллар уларнинг гегемониясини яққол ифодалайди.

Лекин бу икки футболчини ўз вақтида Кака ортда қолдирганди. У «Олтин тўп»ни қўлга киритган охирги «ерлик» бўлиб қолмоқда. Бразилиялик бу футбол афсонаси 2007 йили Карло Анчелотти «Милан»ининг етакчиси сифатида тақдирланганди. У Чемпионлар Лигасининг 2006-07 йилги мавсумида энг яхши тўпурар бўлган, якунда жамоа билан чемпионликка эришганди. 2007 йили Месси ва Роналду ҳам «Олтин тўп» учун даъвогарлик қилган, аммо улар Какадан ортда қолишганди.

Ногиронлик ёқасидан катта футболга

Фото: Twitter

2000 йилда Каканинг нафақат футболчи сифатидаги келажаги, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолганди. У ҳали 18 ёшда эди, «Сан-Паулу»нинг истиқболли футболчиси эди. Кунлардан бирида у бассейнда дўстлари билан гаров боғлайди - улар трамплиндан ким яхшироқ сакраши бўйича мусобақалашишади. Аммо бассейн кичик эди, бўйи 186 см бўлган Рикарду (унинг тўлиқ исми Рикарду Изексон дус Сантус Лейти - танишлари уни осонгина қилиб Кака деб чақиришган) эса буни ҳисобга олмайди ва боши билан бассен тубига бориб урилади. Унинг бўйни қайрилади ва қонга беланади.

Шифохонада рентген қилинади, шифокор хурсанд қилувчи гап айтмайди: унинг бўйин умуртқаси синганди. Кака жилмайиб сўрайди: «Эртага машғулотим бор. Мен қачон футбол ўйнай оламан?». Шифокор қовоғини уйиб қарайди: «Омадинг бўлса юриб кетасан. Бошқа гап айта олмайман». 

Бразилиялик футболчи икки ойни палатада ўтказади, у деярли юрмайди. Аммо унинг организми (балки ишончи) кучлилик қилади, декабрь ойи охирида Кака катта қадамлар ташлаб уйига йўл олади. У билан Янги йил арафасида хайрлашаётган шифокор шундай деганди: «Сен жуда омадли экансан. Сен билан рўй берган иш - мўъжиза». Футболчи болалигидан кучли эътиқодга эга бўлган ва доимо такрорлаган: «Мен Исога тегишлиман». 2001 йилнинг январидаёқ Кака «Сан-Паулу» таркибида дебют қилади, 1,5 йил ўтиб, Бразилия терма жамоаси билан бирга Жанубий Корея ва Япония майдонларида ўтказилган 2002 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқади.

Болалик, ўсмирлик ва ёшлик