Ўзбекистон | 10:40 / 22.12.2017
155857
3 дақиқада ўқилади

«Одамларни ҳақорат қилишга ким ҳуқуқ берди? Ким?». Президент маданиятсиз 3 ҳоким ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Симпозиумлар саройида ўтказилаётган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат қилмоқда. Маросим «Ўзбекистон 24» телеканалида жонли равишда эфирга узатилмоқда.

«Конституцияни нега ўзгартирдик? Қиш минус 14 даража совуқ, гази йўқ, суви йўқ, томидан чакка ўтаяпти. Кимга ёқади бу? Нега телевизорларда кўрсатилаяпти? Жойларда ижро органи раҳбари эга бўлиши керак энди. Ҳамма нарсага жавоб берадиган вақти соати келди. Кабинетда ўтириш вақти тугади. Ҳамма жойда қайтараяпман – раҳбарлар кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб халқ дардини тинглаши керак. Қуруқ хонадонга кириб чиққан билан гази, свети бўлиб қолмайди, боласи болалар боғчасига бора олмайди.

2017 йилда халқ билан мулоқот қилишнинг янги тизими яратилди дейишга асосимиз бор.

Туманда ҳоким бор, раҳбарлар бор, шунча ногиронлар ишсиз, қийналганлар борлигини билмаганми? Билган. Қани депутат? Қани раҳбарларнинг иши?

Жойларда раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги кучайганлигини тизим кўрсатиб берди.

Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданият ўзгаргани йўқ. Очиғини айтаман, ҳокимларнинг ҳам маданияти йўқ. Иложи йўқ, яқинда қонун устуворлигини таъминлаш учун учта туман ҳокимини жазога тортдик.

Одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдинги даврлардагидек маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказади, одамларни ҳақорат қилади. Ким уларга ҳуқуқ берибди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировларни ҳақорат қилишга?

Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат! Ўқимаганимиздан далолат! Маънавиятимиз пастлигидан далолат!.. Билиб қўйинглар, бу аҳволда бирортанг эртанги кун билан ишламайсизлар», деди президент.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев мактаб директорларини бирма-бир ургани тасвирланган видео тарқалган ва жамоатчиликнинг кенг норозилигини келтириб чиқарганди. Кейинроқ вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан текширув бошлагани ҳақида хабар берилди.

«Босди-босди» бўлишига йўл қўймаслик керак»

Кейинроқ, октябрь ойида Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзув тарқалди. Бу ҳолат бўйича ҳам вилоят прокуратураси текширув бошлади.

Ўқитувчиларга маошни ҳоким ўз чўнтагидан тўлайдими?

Шунингдек, Паркент ҳокими ҳам ўз қўл остидагиларга ўта қўпол муомалада бўлгани тасвирланган аудиоёзувлар тарқалди.

Президент ўз нутқида қайси ҳокимларни назарда тутгани маълум эмас.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид