Бугун, 22 декабрь куни Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси эълон қилинди.

Йиғилишда парламент раҳбарияти ва аъзолари, Ўзбекистон ҳукумати, вилоятлар ҳокимлари, аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда нутқ сўзлади. Президент кириб келаётган янги — 2018 йилни Ўзбекистонда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон Президентининг бу таклифи йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

«Бу масала бўйича кўп ўйладик, кўп маслаҳатлашдик. Йил давомида келган кўплаб мурожаатлар, фикр-мулоҳазалар эътиборга олинди. Иш ўринларини яратмасак одамлар биздан рози бўлмайди, кўп муаммолар бор йўл йўқ, свет, газ йўқ, ногиронлар қанча, ҳаммасини яшириб юрдик-ку? Ном қўйишда жуда ўйладим, натижа бериши керак, чиройли қилиб кўчага ёзиб қўйиш эмас бу.

Мен янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили , деб ном беришни таклиф этаман.

Янги фикр, ғоя, инновация бўлмаса, кейинги кунда юта олмаймиз, ҳар бир ҳоким буни билиши керак», деди президент.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2017 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили