Жаҳон | 07:23 / 23.12.2017
10285
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага мудофаа қуролларини етказиб беришга қарор қилди

Фото: wikimedia.org

Вашингтон Украинага унинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети ҳимоясини таъминлаш мақсадида мудофаа қуролларини етказиб беришга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти вакили Хезер Науэрт маълум қилди.

“АҚШ Украинага кучайтирилган мудофаа имкониятларини мамлакатга унинг мудофаа имкониятларини шакллантиришдаги ва келгусида тажовузларни қайтаришидаги ёрдамимизнинг бир қисми сифатида етказиб беришга қарор қилди”, деб айтилган Науэрт баёнотида. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

“АҚШнинг ёрдами, аввал айтганимиздек, мудофаа характерига эга. Биз доимо Украина суверен давлатлигини ва ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини айтиб келганмиз”, дейилган баёнотда.

Баёнотда таъкидланишича, АҚШ Украина шарқидаги вазиятни тартибга солиш учун Минск келишувларининг бажарилишига содиқ бўлиб қолади.

22 декабрда АҚШ ОАВ давлат департаментидаги номи ошкор қилинмаган манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Трамп Киевга Javelin танкларга қарши ракета қурилмалари етказиб берилишини маъқулламоқчилигини маълум қилганди. Таъкидланишича, гап 35 та Javelin қурилмаси ва 210 та танкларга қарши ракета етказиб бериш ҳақида борган.    

21 декабрда эса АҚШ Украинага ўқотар қурол етказиб берилишига лицензияларни маъқуллаган.

Мавзуга оид