Спорт | 09:14 / 26.12.2017
18517
2 дақиқада ўқилади

«Реал» мухлиси жамоаси мағлубиятидан кейин ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди

“Реал Мадрид” клубининг руминиялик мухлиси ўзи севган жамоа “Барселона”га қарши учрашувда мағлубиятга учрагандан кейин уйига ўт қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда Digi24 телеканали хабар бермоқда. 

Воқеа Арад шаҳарчасида юз берган. Бу ерда яшовчи 70 ёшли эркак “Реал”нинг мағлубиятидан дили хуфтон бўлиб, уйига қамалиб олиб, алангаланувчи суюқликли баллончани оловга ташлаган. Эркакка қараб юрган аёл уй ичидан чиқаётган қора тутунни кўриб, ёрдамга ошиққан, бироқ уй ичига кира олмаган. 

Аёл оила аъзоларига мурожаат қилган ва кўпчилик бўлиб уй эшигини бузиб, ичкаридан “аламзада” мухлисни олиб чиқишга муваффақ бўлинган. Кейинроқ ўт ўчирувчилар келиб, ёнғинни бартараф этишган. 

Эркак севимли жамоасининг бошқа бундай “итоаткорлигини” кўришни истамай, оловда ўлишни истаганини тан олган. У қилмишидан пушаймон эмаслигини айтган. 

Мухлисга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва у психиатрик текширувга юборилиши мумкин.

23 декабрда Мадридда ўтган навбатдаги “эл-класико” 0:3 ҳисобида каталонияликлар фойдасига якунланди. Ушбу ғалаба эвазига “Барса” мусобақа жадвалида “Реал”дан 14 очко илдамлаб кетди. Энди каталон клуби ҳисобида 45 очко, Мадрид клуби ҳисобида эса 31 очко ва битта захира ўйини бор.

Мавзуга оид