Янги билимларни тез ўзлаштириш бошқалардан устунлик қилиш имконини тақдим этади. Илм-фанга кўра, янги билимларни тезроқ ўрганиш ва уларни ёдда сақлаб қолишнинг олти усули бор. FastCompany шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

 

Бошқаларга ўргатинг

Ўзингиз ўзлаштираётган материални бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилиш (ёки шундай деб тасаввур қилиш) маълумотларни тезроқ ёдда сақлаш имконини беради, дейилади Сент-Луисдаги Вашингтон университети олимларининг тадқиқотида.

Тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири Жон Нестойко шундай ёзади: "Ўқитувчилар дарс беришга тайёрланаётганида одатда асосий фикрларни излаб, уларни ўқувчиларга тушунарли қилиб узатишга ҳаракат қилишади. Тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, талабалар ҳам бирор материал тақдимотига тайёргарлик кўриш жараёнида самарали ўқитишнинг шундай усулини қўллай бошлашмоқда".

 

Билим олишга қисқа вақт кесимларини ажратинг

Луизиана университети тадқиқотчилари янги материални ўрганишга 30-50 дақиқадан вақт ажратишни тавсия қилишмоқда. Бундан қисқа вақт камлик қилиши мумкин, кўпи эса мияни чарчатиб қўяди, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.

Фото: Fotolia

Улар шунингдек 5-10 дақиқалик танаффуслар қилишни ҳам тавсия қилишди, таълим мутахассиси Нил Старр эса, бўш вақт пайдо бўлиши билан қисқа таълим сеансларини ўтказишни таклиф қилади: масалан, ўрганилаётган предмет тавсифи ўрин олган кичик карточкалар ясаш ва бўш вақт пайдо бўлиши билан уларни ўрганишга киришиш.

 

Материални ўзлаштириш вақтини тақсимланг

Бу ғалати эшитилиши мумкин, бироқ биз таълим жараёнини тақсимлаганимизда, бироз чўзганимизда тезроқ ўзлаштирар эканмиз. How We Learn китоби муаллифи  Бенедикт Кэри таълим жараёнини майсазорни суғоришга қиёслайди. "Майсазорни ҳафтасига бир марта 1,5 соатдан ёки уч марта ярим соатдан суғориш мумкин. Агар сиз бу ишни ҳафтасига уч марта бажарсангиз, майсазор янада обод бўлади", - деб ёзади муаллиф.

Материални яхшироқ ёдда сақлаш учун у билан биринчи марта танишганингиздан бир ё икки кун ўтгач такрорлаган маъқул. Кэрининг айтишича, бирор нимани тезроқ ўрганишга ҳаракат қилинса, мия ўқишга камроқ эътибор қаратади. Агар сиз маълумотни дарҳол эмас, бир неча кун ёки ҳафта ўтиб такрорласангиз, бу мияга маълумотни эслаб қолиш кераклиги ҳақидаги сигнални йўллайди.