Саакашвили Украина мухолифатига баёнот билан чиқди
Одесса области собиқ раҳбари Михаил Саакашвили Украинадаги барча мухолиф кучларни режалаштирилаётган оммавий акцияларни ва бошқа ҳаракатларни мувофиқлаштириб олишга чақирди.
«Мен Украинадаги барча ҳақиқий мухолиф кучларни, бир-бирлари ҳақидаги фикрларидан қатъи назар, музокаралар столига ўтириш ва бўлажак акциялар ҳамда бошқа ҳаракатлар санасини биргаликда аниқлашга чақирмоқчиман», - дея Саакашвилининг сўзларини келтиради Интерфакс-Украина.
Унинг сўзларига кўра, бу ўтказиладиган акциялар самарадорлигини ошириш имконини беради.
«Мен бир томонлама ҳаракатлар ва ташаббуслар бўлмаслигини хоҳлайман. Буни «михомайдан», «Саакашвили акциялари» ёки «Саакашвилини қўллаб-қувватлаш мақсадидаги акциялар» деб аташга уринишлар юзага келмаслиги учун», - дея айтиб ўтди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча Грузия собиқ президенти, Одесса области собиқ губернатори Михаил Саакашвили киевликларни ИИВ ва УХХ биноларига келиш ҳамда украиналик ҳуқуқ ҳимоячиси Ирина Ноздровскаянинг ўлдирилиши бўйича ишда “адолат талаб қилишга” чақирганди.