2018 йил 1 июлидан аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдорининг, шу жумладан, ҳудудлар кесимида «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га мутаносиблиги таъминланади. Бу муҳокама учун эълон қилинган 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.
Истеъмол минимуми – инсон танасининг нормал ишлашини таъминлаш ва унинг соғлиғини, озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг энг кам миқдорини ва инсоннинг асосий ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган минимал хизматлар тўпламини таъминлаш учун етарли бўлган қиймат ҳисобланади (ufq.uz маълумоти).
Истеъмол минимуми ҳажми икки элементдан иборат – физиологик ва ижтимоий. Физиологик минимум – инсон яшаши учун зарур бўлган моддий қадриятлар қиймати ифодасидир. Дунё амалиётида физиологик минимум умумий истеъмол минимумнинг ўртача 85-87 фоизини ташкил этади, қолганлари ижтимоий қисмига – яъни, минимал даражада мақбул турмуш тарзига мувофиқ маънавий қадриятлар тўпламига тўғри келади.
Истеъмол минимумини аниқлаш
Жаҳон амалиётида мамлакатда турмуш даражасини (истеъмол минимумини) белгилаш учун бир нечта вариант ишлаб чиқилган.
- Статистик усул, маълум бир мамлакатнинг энг бадавлат фуқароларининг даромадлари даражасида, истеъмол минимумини белгилашни назарда тутади. Бу усул даромад даражаси жуда юқори бўлган давлатларда қўлланилиши мумкин.
- Субъектив ёки ижтимоий ёндашув, аҳоли ўртасида минимал даромадлар юзасидан ўтказилган ижтимоий сўравномалар натижаларига асосланади. Бундай усул кўпроқ консультатив (маслаҳатлашилиб ҳал этилади) тарзда кўринишда бўлади, чунки унинг натижалари давлатнинг реал иқтисодий имкониятларига мос келмаслиги мумкин, лекин у одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини ифодалайди.
- Ресурс услуби, иқтисодиётнинг истеъмол минимумини таъминлаб бериш имкониятига асосланган бўлиб, бундай услуб кўпроқ ривожланган мамлакатларда қўлланилади.















