Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри марказида жойлашган “Деҳқон бозори” бузилиши муносабати билан ўз дўконларидан ажралиб қолган бир гуруҳ тадбиркорлар KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилишди. Уларнинг айтишларича, шаҳар ҳокимлиги давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ер участкалари ва етказилган моддий зарар учун товон пули тўламаётганларини билдиришди.

Таҳририят мухбири вазиятни холис ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрига йўл олди.

Аввало, қайд этиш керак, республика бўйлаб 2017-2019 йиллар оралиғида барча йирик деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ҳамда бозорларни реконструкция қилиш ишлари Президентнинг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сонли қарори билан амалга оширилмоқда. Шу асосда вилоят ва шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Қарорда таъкидланишича, деҳқон бозорларини уларнинг мамлакат иқтисодиёти, аҳоли кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсад қилинган. Аслида бу қарор ижросидан барча, халқ ҳам, тадбиркорлар ҳам бирдек ютади. Савол туғилади: Хўш, унда тадбиркорлар нимадан норози?

Уларнинг маълум қилишларича, тадбиркорлар бозор ёки савдо расталари бузилишига қарши эмас. Масала бузилган дўконлар учун етказилган компенсация пулини тўлаш маҳаллий ҳокимлик томонидан пайсалга солинаётгани ҳамда бузиш чоғида зўравонликларга, “салла дейилса, каллани олиш” тамойилига риоя қилинганида. Уларнинг сўзларига кўра, бузиш ишлари вақтида ички ишлар идоралари ва прокуратура ходимлари дўқ-пўписа қилишган, зўрлик ишлатган ҳолда дўконлар бузилган. Дўконлар бузилишидан аввал, огоҳлантириш хатлари берилмаган. Эндиликда, бозорнинг иккинчи ярмидаги биноларни ҳам бузиш бўйича оғзаки буйруқ билан чекланишмоқда. Бундан ташқари, тадбиркорлар бозор ҳудудида барпо этилаётган иккинчи супермаркет биносини тасдиқланган лойиҳа бўйича қуришни ўзларига топширилишини сўрашмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, тадбиркорларнинг жиддий ташвиш чекишларига ҳам асос бордек. Чунки улар дўконлари бузилиши муносабати билан Молия вазирлигига келиб ўзини Убайдулла деб таништирган мулозимга мурожаат қилишган, у яқин 20 йил мобайнида тадбиркорлар ёки жисмоний шахсларнинг бузиладиган кўчмас мулклари учун давлат бюджетидан маблағ ажратишга имкон йўқлигини айтган.