18:55 / 19.01.2018
23394

Таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов 60 ёшга тўлди

Фото: Ўзбеккино

Таниқли кинорежиссёр ва сценарист Зулфиқор Мусоқов 60 ёшга тўлди. 1958 йил Олмалиқда таваллуд топган таниқли ижодкор ўз режиссёрлик фаолиятини 1989 йилдан бошлаган. 

Зулфиқор Мусоқов ўзининг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, “Ойижон”, “Осмондаги болалар – 1-2”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Қовун”, “Хазонрезги”, “Новда”, “Дадам бетоб” каби фильмлари ва “Аёл зоти” телесериали билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган. 

Ижодкор фильмлари халқчиллиги билан ажралиб туради. Режиссёрнинг «Ватан» филми 2007 йилда Малайзияда ўтказилган 50-Халқаро кинофестивалда «Осиёнинг энг яхши филми» номинациясига даъвогарлик қилган. 2011 йилда режиссёр суратга олган «Қўрғошин» бадиий фильми Россияда бўлиб ўтган «Киношок» Халқаро кинофестивалида қатнашиб, «Энг яхши сценарий» номинацияси совриндори бўлган.

Зулфиқор Мусоқов 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2006 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”унвонига сазовор бўлган. 

KUN.UZ таҳририяти Зулфиқор Мусоқовга келгуси ишларида улкан зафарлар тилайди.

 

Top