Жамият | 08:53 / 20.01.2018
32728
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги докторантлар пропискаси бўлмаса ҳам арзон уй-жой сотиб олишлари мумкинми?

Ассалому алайкум ҳурматли Kun.uz жамоаси.

Мен Камалова Дилнавоз. Навоий шаҳрида доимий рўйхатда тураман.

Ҳозирда Тошкент давлат техника университети Таянч докторантураси 2-босқич докторантиман. Турмуш ўртоғим ҳам 2-босқич докторанти. Биз 1 йилдан бери Олмазор туманида вақтинчалик рўйхатдан ўтиб, ижарада 2 нафар фарзандимиз билан яшаб келмоқдамиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сон қарори 3-боб, 38-қисм «з» кичик бандига кўра таянч докторантуранинг 2-курсидан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим институтида таҳсил олаётган докторантлар арзон уй-жойларни имтиёзли олиши мумкинлиги ёзилган. Ушбу қарор низоми ва иловаларида «прописка» ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

САВОЛ: Мен Тошкент шаҳридан янги қурилаётган арзон уй-жойлардан имтиёзли кредит асосида олишим мумкинми?

Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ: Сиз юқорида таъкидлаган Вазирлар Маҳкамаси қарори нафақат Тошкент шаҳри, балки юртимиздаги бошқа шаҳарларда ҳам яшайдиган ёш оилалар, эскирган уй-жойларда яшаётганлар ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига арзон кўп квартирали уйларни қуриш, реконструкция қилиш ва сотишни белгилайди.

Лекин Тошкент шаҳрида уй-жой сотиб олиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг бошқа бир қарорида, яъни 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори билан тартибга солинади.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотди битимларини, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни, шунингдек, Тошкент шаҳридаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади.

Агар сотиб олувчи томон:

- Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган;

- Тошкент шаҳри ҳудудида камида уч йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган) рўйхатнинг 2, 5, 9 , 11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.

Қисқа қилиб айтганда, Тошкент шаҳрида доимий пропискангиз бўлмаса, унда арзон уй-жойлардан сотиб олиш ҳуқуқига эга эмассиз. Докторантлар учун пропискаси бўлмаса ҳам уй сотиб олишга рухсат этилсин, деган имтиёз ҳозирча амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган.

 Хушнуд Худайбердиев, ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид