Тошкент шаҳрида 24 октябрга ўтар кечаси атмосфера ҳавоси сифати вақтинча ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қўмита прогнозига кўра, кечки ва тунги соатларда ҳаводаги PM2.5 ва PM10 заррачалари миқдори ортиб, ҳаво сифати халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «ноқулай» даражага етиши кутилмоқда.
Миллий ҳаво сифати индексида эса кўрсаткичлар асосан «сариқ» даражада бўлиши мумкин.
Бунга тунда ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси таъсир қилиши мумкин. Бундай шароитда атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинуви чекланиб, майда чанг заррачалари ер юзасига яқин жойда тўпланади.
Тонгдан бошлаб ҳарорат инверсияси заифлашиши ҳисобига ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда. Бироқ эрталабки соатларда пойтахтнинг айрим ҳудудларида ҳаво сифати «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даражада сақланиши мумкин.

















