Алексис Санчес: «Манчестер Юнайтед»га Премьер Лига ва Чемпионлар Лигасини ютиш учун келдим
22 январь куни «Манчестер Юнайтед»га ўтгани расман эълон қилинган 29 ёшли чилилик ҳужумчи Алексис Санчес жамоа футболчиси сифатидаги илк интервьюсини клубнинг MUTV каналига берди.
— Алексис, хуш келибсан. «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиш қандай экан?
— Мен болалигимдан бу жамоада ўйнашни орзу қилганман. Йўқ, мен бу гапларни бугун шу ерда турганим учун айтмаяпман. Бугун орзуим ушалди. Мен ёшлигида доим бир кун келиб «Манчестер Юнайтед»да ўйнашимни айтардим ва ҳатто бир марта Алекс Фергюсон билан ҳам бу ҳақида гаплашганман. Биз 20 дақиқача суҳбатлашгандик ва мен «Олд Траффорд»да ўйнашни орзу қилишимни айтдим. «МЮ» – ҳақиқатан ҳам катта клуб, ҳозир ҳам жуда кучли ва бугун мен бу ерга келиб, клуб эмблемасига кўзим тушганида этим жимирлаб кетди. Шубҳасиз, «Манчестер Юнайтед» Англиянинг энг буюк клубидир.
— Нима деб ўйлайсан, сен «Олд Траффорд»га нима бера оласан?
— Мен бу жамоада кўп нарсага эришиш мумкинлигига ишонаман. «МЮ» дунё миқёсидаги улкан клуб ва бу жамоа сафида олдимизда турган ҳамма совринларни, Премьер Лигани, Чемпионлар Лигасини ҳам ютишни истайман.
— Сен Фергюсон ҳақида айтдинг. Шу пайтгача «Манчестер Юнайтед» ҳақидаги ўйлар сенинг хаёлингни банд этганмиди? Бу ҳақида ўйлаганмисан?
— Шубҳасиз! Бу клуб, унинг қизил ранги мени доим ўзига жалб қилган, мен буни чин юракдан айтмоқдаман. Айтиш мумкинки, орзуим ушалди. «Орзулар театри»да бўлиш мени жуда бахтли қилади.
— Бу қарорингда Жозе Моуриньонинг ўрни қай даражада?
— У менга клубга жуда кераклигимни айтди. Мен бунга ишонаман, клуб мени қўлга киритишга ва еттинчи рақамни беришни жуда истаганини ҳис қилмоқдаман. Менимча, футболчи учун бундай ишонч – жуда муҳим. Баъзида жамоага ўзингнинг кераклигингни, аҳамиятингни билиш фойда беради. Жозе мени ўзига тортади, у Италияда ишлаб ҳам, Испанияда ҳам деярли ҳамма совринларни ютган. Ғалаба қозонишга одатланган мураббий.
— Еттинчи рақам «Манчестер Юнайтед» учун жуда муҳим ва тарихий аҳамиятга эга. У рақам остида ўз вақтида Кантона, Бекҳэм ва Роналдунинг тўп сургани сенга қандай таъсир қилади?
— Бу ҳақида менга гапиришлари ҳамоно,ўзимни Премьер Лига ёки Чемпионлар Лигаси совринини бошим узра кўтариб турганимни ҳис қилиб юбордим. Мен бу ерга орзуларга тўлиб келдим ва ўйлайманки, уларни рўёбга чиқариш учун менда имконият бўлади.
— Жозенинг айтишича, бу ерда унинг фаолиятидаги энг аҳил жамоа тўпланган экан. Бундай оилага кириб келишни кутяпсанми?
— Албатта. Ўйлайманки, агар совринлар учун курашар экансан, жамоа ичидаги муҳит жуда катта аҳамиятга эга. Испанияда ўйнаганимда ҳам, у ерда жуда яхши муҳит бор эди ва мен кўп совринларни ютдим. Яъни мен буни ўз тажрибамдан ҳам биламан. Шунингдек, клуб доимий тарзда кучайиб бориши ва янги футболчиларни ўз сафига қўшиб бориши керак. Айнан шу сабаб билан ҳам ҳозир шу ердаман.
— Бўлажак жамоадошларингдан кимларни яқиндан биласан? Қайси футболчи сенга шу пайтгача рақиб сифатида алоҳида таъкидлаган бўлардинг? Масалан, сўнгги ўйинларингдаги Давид де Хеа каби...
— Менда ҳали улар билан яқиндан танишиш имкони бўлмади, лекин табиийки, улар билан майдонга кўп тўқнаш келганман ва биламан. Ҳа, Де Хеа менимча дунёнинг айни пайтдаги энг яхши дарвозабонидир.
— Футболчи сифатида устун жиҳатларинг қайсилар?
— Мен доим ғалаба қозонишни истайман. Қилаётган ишларимда ниҳоятда профессионал бўлишга интиламан. Мен футболга ошиқман, дейишим мумкин. Мен доим машғулотларни кўпайтиришни, ўз камчиликларимни таҳлил қилиб, ўша йўналишда янада кучлироқ бўлишга интиламан. Менга кўпроқ чап томонда ёки марказда ўйнашни ёқтираман, аммо футбол ўйнар эканман, ҳар қандай позиция тўғри келаверса керак.
— Албатта, бугун ўзига хос кун. Оилангиз, дўстларингиз сабрсизлик билан Манчестерга кўчишингизни кутишганди. Улар орасида итларингиз Атом ва Ҳамбер ҳам бор?
— Атом ва Ҳамбер менинг дўстларим, фарзандларим, улар ҳар доим мен билан ва улар билан кўп вақтимни ўтказаман. Доим чарчаб уйга қайтганимда, улар кўзимга қараб буни тушунишади. Уларнинг афзаллиги шундаки, қандай аҳволда бўлишимдан қатъи назар улар ўзгармайдилар, шунчаки, мени хурсанд қилишга ҳаракат қилишади, тамом.
— Сиз «Манчестер Юнайтед» сафидаги илк чилилик футболчи бўлдингиз. Буни мамлакатингизда қандай кутиб олишди? Чили терма жамоаси мухлисларига нима деган бўлардингиз?
— «Манчестер Юнайтед» сафидаги илк чилилик футболчи бўлиш жуда ажойиб. Аввал ҳам айтганимдек, бу ерда тўп суриш орзу ва буни ўлчаш иложсиз. Мен ҳали ҳам баъзида бунга ишонмайман ва ўзимни кўчада дўстларим билан тўп тепиб юргандек ҳис қиламан. Шунинг учун ҳам футболни севаман, ижтимоий тармоқлардаги ёки матбуотдаги турли салбий гап-сўзларга эътибор бермайман. Мен шунчаки, ўзимни бахтли қилиш учун футбол ўйнайман. Онам айтардилар – «бошқа нарсаларга эътибор берма, фақат футбол ўйна, ахир сен бу ишни яхши уддалайсан».
— «Манчестер Юнайтед»нинг бутун дунёдаги мухлисларига нима деган бўлардингиз?
— Алексис бу ерга совринларга ташналик билан келди. Премьер Лига ва Чемпионлар Лигасини ютишни истайди. «Манчестер Юнайтед» мухлислари, Алексиснинг ўйинидан завқ олинг. Ҳаммангизга яхишиклар тилайман.
Мавзуга оид
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024