Яқинда метрода бир воқеага дуч келдим: европаликларга хос калта ва очиқ кийиниб олган уч қиз вагондаги йўловчиларнинг эътиборини тортиб турарди. Қизларга тикилиб турган нуроний онахон шеригига деди:

— Қизларимизга нима бўляпти ўзи? Хорижий сериалдаги актрисага ўхшаб кийиниб олишибди-я?

— Мана, ёшларимиз бўлмағур нарсаларни қаердан ўрганишяпти...

Уларнинг ҳақли савол ва эътирозларидан қаттиқ таъсирландим. Бўлажак журналист бўлганим учунми, бу менга оғир ботди, ўйлантириб қўйди.

Телевидение орқали эфирга берилаётган фильм ва сериалларни ўзимча тафтиш қилиб кўрдим. Бир каналдаги хорижий клипда ҳозирги кунда урф бўлган икки “севишган”нинг қўл ушлашиб юргани, денгиз соҳилида калта-култа кийимда сайр қилгани, романтик оқшомдаги йигитнинг омма олдида ўз маҳбубасига севги изҳор қилаётгани тасвирланган. Мана тарғиботу, ана тарғибот. Бу каби беҳаё эпизодларни томоша қилган айрим ёшлар “Бунинг нимаси уят?”, дейиши мумкин. Бироқ бундай бепарда ва беандиша ҳаракатлар ёши катталар ёки болажонларга қандай таъсир қилади? Бемаза қўшиқлар ўзбек ёшларининг улардан нима камимиз бор, дея тақлид қилишларига сабаб бўлмаяптими? Ўзимизнинг эстрада хонандалари ҳам хорижлик ҳамкасбларидан “ибрат” олаётганига нима дейсиз?

Бошқа каналга ўтаман. Доимгидай ҳиндча фильм. Нима эмиш, икки йил ошиқ-маъшуқ бўлиб юрганлар бир кунда душманга айланармиш. Йигит собиқ севгилисидан қасд олиш учун жиноятга қўл уради, маҳбубаси эса қиз бола боши билан қўлига қурол олиб, уни отиб ташлайди. Болливуд режиссёрларига мавзу қолмаганидан телба-тескари фильмларни ишлашга мажбур. Мақсад – пул топиш. Уларни тушуниш мумкин. Лекин асл миллий фильмларимиз турганда, келиб-келиб ана шундай зарарли фильмларни телевидениемизда берилаётганига тушунолмадим. Мақсад нима, англолмадим.

Кейинги каналдаги “томоша” ҳаммасидан ошиб тушди. Кўпчиликнинг оғзига тушган турк сериалидаги воқеалардан ёқамни ушладим. Ушбу сериалда муқаддас динимизга зид бўлган иллатлар очиқчасига кўрсатилмоқда: турмуш қурган икки ёш, эр ўзга аёл, рафиқа эса собиқ севгилиси билан, ёш йигит бировнинг жуфти ҳалоли билан “севги изтироб­лари”ни бошдан ўтказмоқда. Булар хиёнат, хотинбозлик, даъюсликнинг бир кўриниши эмасми?!

Динимизда оила муқаддас ҳисобланади. Умр йўлдошининг рухсатисиз аёл кўчага бир қадам ташлашининг ўзи айб саналса, унинг бегона эркак билан “севишиб” юриши қанчалар оғир гуноҳлигини тасаввур қилиб кўринг-а! Телевидение ходимлари бундай фильмларни ҳеч тап тортмай эфирга узатиши тўғрими? Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларга улар қандай таъсир этаркин?