Google тадқиқотчилари қандай йўл тутилса, жамоа фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг уддасидан чиқилишини ўрганишга қарор қилишди. Улар шу йўналишда ўнлаб жамоалар ишини таҳлил қилиб чиқишди ҳамда юзлаб раҳбар ва ходимлар билан суҳбатлашишди. Охир-оқибат жамоа самарадорлиги учун асосийси — психологик хавфсизлик, деган қарорга келишди.

Психологик хавфсизлик даражаси юқори бўлган жамоада иштирокчилар таваккал қилишдан қўрқишмайди. Улар ўз хатосини тан олгани учун ҳеч ким камситмаслиги ва жазоламаслигини яхши билишади.

Жамоада ишонч бўлиши керак. Бироқ ишончли муҳитни яратиш осон иш эмас: ҳар бир ходим ўз нуқтаи назари ва ўз ишлаш услуби билан фарқланади. Жамоада ишончли муносабатларни ўрнатишга ёрдам берувчи бир неча стратегия inc.com'да тақдим этилди.

Бошқаларни тингланг

Жамоада ишонч ўрнатиш учун бошқаларнинг ўй-хаёллари ва ҳис-туйғуларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак. Шунинг учун доим ҳамкасбларингизни тинглашга ҳаракат қилинг. Саволлар беринг ва жавобларини диққат билан тингланг. Ҳукм чиқаришга шошилманг. Сиз шу тариқа жамоанинг ҳар бир аъзосининг кучли ва заиф томонларини аниқлаб оласиз. Шу билан бирга, сиз учун уларнинг фикри муҳимлигини кўрсатасиз.

Хайрихоҳ бўлинг

Ҳамкасбларингиз ва уларнинг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қилинг, ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Кўпинча улар бирор муаммоси билан бўлишганида ўзимизча "Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам авваллари бунга дуч келганман", деб қўямиз. Ҳамкасбларингизнинг ҳис-туйғуларига бундай лоқайд бўлманг. Ўзингиз стрессга йўлиққан ёки бирор вазифани уддалай олмаган вазиятни эслаб кўринг ва хайрихоҳлик билдиринг.

Самимий бўлинг

Ҳамма самимий, ўзлигини намоён этишдан уялмайдиган инсонлар сари интилади. Бу доим ўз фикрлари ва ташвишлари билан бўлишиш кераклигини билдирмайди. Шунчаки ҳақиқатда дилингиздаги тилингизда бўлсин ва доим ўз тамойилларингизга содиқ қолинг.

Ибрат кўрсатинг

Сўзлар хатти-ҳаракатлар билан мустаҳкамланиши керак. Ишонч ва ростгўйлик ҳақида кўп гапиришингиз мумкин, лекин ҳамкасбларингизга бақириб, уларнинг фикрини ҳурмат қилмас экансиз, сўзларингизнинг заррача қадри бўлмайди.

Бошқаларга ёрдам беринг

Севимли раҳбарингизни ёдга олинг. Сиз учун унинг қаерда ўқигани ва нималарга эришгани эмас, қандай вазиятларда сизга ёрдам бергани муҳим, ахир. Ўзининг тирбанд жадвалидан бўш вақт топиб, сизни тинглаган, маслаҳат берган ёки қайсидир муаммо устида сиз билан бирга бош қотирган. Ишонч ана шу тарзда — биз бошқаларга ёрдам бераётганимизда юзага келади.