Вазирлар Маҳкамасининг 9.01.2018 йилдаги «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини ва Ўзбекистон Республикасидан экспортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 17-сон қарори қабул қилинди.
 
Қарор 13.04.2018 йилдан кучга киради. Ушбу санадан бошлаб ҳозир амалда бўлган, ушбу соҳани тартибга соладиган Вазирлар Маҳкамасининг 11.11.2005 йилдаги 247-сон қарори ўз кучини йўқотади.  

Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжат билан озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотлар (бундан кейин – ОМ) турларининг янгиланган рўйхатлари тасдиқланган:

1 - импорт ва экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар.

Амалдаги таҳрири билан солиштирганда ундан, масалан, қуйидагилар чиқариб ташланган:

• аэрозолли маҳсулотлар: парфюмерия, косметика ва пардоз воситалари (ТИФ ТН 33 гуруҳи), сувда эрувчи пигментлар ва бўёқ моддаларда тайёрланган бўёқлар ва локлар (ТИФ ТН 32 гуруҳи), маиший моддалар (ТИФ ТН 34 гуруҳи) ва б.;
• изоляцияловчи шчитлар, панеллар ва қувурларнинг қопламалари.

Яъни ушбу товарларни импорт/экспорт қилиш учун рухсатномалар олиш талаб этилмайди. 

Шу билан бирга рўйхатга импорт-экспорт қилиш учун рухсатнома бўлиши зарур айрим товарлар киритилди. Улар орасида, масалан:

• озиқ-овқат товарлари ва ичимликларни сотиш учун совитиш қурилмалари ўрнатилган савдо автоматлари;
• бошқа кимёвий маҳсулотларнинг ТИФ ТН 38 гуруҳидаги аралашмалар.

2 – Ўзбекистонга импорт қилиниши тақиқланган.  

Қарор жисмоний шахслар томонидан таркибида ОМ бўлган маҳсулотлар ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш, нотижорат мақсадларида олиб ўтилган ва тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
 
ОМни импорт/экспорт қилишга рухсатнома олиш

Қарор билан Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишга рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири тасдиқланган.