13:55 / 09.02.2018
6032

“Ўзстандарт” агентлигининг Бухоро ҳудудий бошқармаси ҳамда маркази ташаббуси билан экспортёрлар учун семинар-тренинг ўтказилди

Фото: Ўзстандарт

Жорий йилнинг 7 феврал куни “Ўзстандарт” агентлигининг Бухоро стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда “Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси томонидан вилоятда маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар, фермер хўжаликлари ҳамда экспортёр корхоналарга “Ҳалол”, “Global G.A.P.” ва Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро стандартлари бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Қисқа муддат ичида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, экспортчи корхоналарга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш борасида бир қатор муҳим бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат қарорлари, фармонлари ва фармойишлари қабул қилинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитни янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни жахон бозорларига чиқишлари ҳамда экспорт салоҳиятини янада оширишда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Фото: Ўзстандарт

2017 йилнинг 28 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорига асосан эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар ва фермер хўжаликлари томонидан маҳсулот экспорт қилишдан тушган валюта тушумларининг 25 фоизини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди, бу эса, ўз навбатида, хорижий хамкорлардан тушган валюта тушумларини корхоналарнинг ўз ихтиёрида қолишига ҳамда бу маблағларни хориждан замонавий технологик ускуналарни жалб қилиш, халқаро стандартлар ва сифат менежменти тизимларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур хомашё харид қилишда кенг имкониятларни яратади.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, миллий иқтисодиётимизда қишлоқ хўжалиги салмоқли ўрин тутади. Чунки, қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз учун муҳим аҳамият касб этган соҳа ҳисобланиб, у озиқ-овқат фондини шакллантиради, озиқ-овқат мустақиллигини таъминлайди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган саноат корхоналари учун маҳсулот етказиб беради ва аҳолини иш жойлари билан таъминлайди.

Давлатимиз томонидан аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини ички имкониятлар ҳисобига барқарор таъминлаш, шу билан биргаликда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини “Ҳалол”, “Global G.A.P.” ва Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро стандартларига мувофиқ тайёрланиши ёки қайта ишланиши ушбу маҳсулотларимизни жаҳон бозорларида рақобат қила олишлари, айниқса сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича юксак даражага кўтарилишида мухим омил хисобланади.

Шу мақсадда, жорий йилнинг 7 феврал куни “Ўзстандарт” агентлигининг Бухоро стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда  “Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси томонидан вилоятда маҳсулот  ишлаб чиқарувчи корхоналар, фермер хўжаликлари ҳамда экспортёр корхоналарга  “Ҳалол”, “Global G.A.P.” ва Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро стандартларининг мазмун моҳияти ва афзалликлари тўғрисида семинар тренинг ташкил этилди. Семинарда малакали мутахассислар томонидан юқорида келтириб ўтилган халқаро стандартларни талаблари хусусида бандма банд маълумотлар бериб ўтилди ва фикрлар алмашинилди.

Фото: Ўзстандарт

Бугунги кунда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотининг ўта қимматли навларини етиштириш ва қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш соҳасида катта салоҳиятга эга. Аграр секторда экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уни қайта ишлайдиган саноатни етакчи ўринга кўтариш қишлоқ хўжалигида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Мамлакатимизда ана шу йўналишда сабзавот, мева, полиз маҳсулотлари, дуккакли экинлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг минтақалар тупроқ-иқлим шароитига мослаштирилган янги истиқболли навларини яратиш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилмоқда, бу эса, охир-оқибатда, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини оширишга ёрдам бермоқда. 

Top