KUN.UZ таҳририяти республиканинг турли ҳудудларидаги муаммоларни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш ҳамда холис ёритиш, фуқароларни қийнаётган масалалар ечимини топишда ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу кунларда таҳририятга Сирдарё вилоятининг Мирзаобод ва Оқолтин туманидан кўптармоқли фермерлик билан шуғулланиб келган фуқаролардан келиб тушди. Махсус гуруҳимиз муаммони жойида ўрганиш мақсадида мазкур туманларга хизмат сафарини уюштирди.

Даставвал Мирзаобод туманида фаолият юритувчи “Ўткирбек даласи”, “Моҳи Тобон Ҳур” ва “Ҳотамбек полвон” фермерлик хўжаликлари иш юритувчилари ва раҳбарлари билан учрашдик.

“Ўткирбек даласи”, “Моҳи Тобон Ҳур” ва “Ҳотамбек полвон” фермерлик хўжаликлари иш юритувчилари

Маълум бўлишича, 2009, 2013 ва 2017 йилларда ташкил этилган кўп тармоқли фермер хўжаликлари пахта-ғаллачилик, боғдорчилик-беда уруғчилик йўналишлари бўйича фаолият юритади. 

Фермерларнинг таъкидлашларича, улар Президентнинг 2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3279-сонли қарори ижроси юзасидан Сирдарё вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерининг ташкил этилишига умуман эътирозлари йўқ. Кластерга туман ҳудудидан жами 15 минг гектар, шундан 13 минг гектар экин ерлар ажратилган. 

Бироқ мирзаободлик фермерлар бир неча йиллардан буён ўзларига бириктирилган ерларда фермерлик билан шуғулланиб, давлат билан имзоланган шартнома режаларини ҳар доим бажариб келишган. Ёқилғи-мойлаш ва кимё маҳсулотларини етказиб берувчи ташкилотлар олдида қарздорлиги мавжуд эмас. Қолаверса, туман ер ажратиш комиссияси айрим фермерлар муттасил тарзда режаларни бажармагани ҳамда қарздорликлари юқори бўлгани туфайли туманнинг бошқа ҳудудидан 1800 гектар ерни захирага олган. Мазкур ҳудудлар 2018 йил 17 январдаги “Мирзаобод” нашрида берилган эълонга кўра, тендерга қўйилган. 

Фермерларни қийнаётган масала айни юқоридаги ҳолатдан келиб чиқади. Уларнинг айтишича, гарчи туман захирасига 1800 гектар ер захирага олиниб, тендерга қўйилганига қарамай, туман ер ажратиш комиссияси нега айнан улар самарали фойдаланиб келаётган 100 гектардан ортиқроқ экин майдонини “Bek cluster” МЧЖ қўшма корхонаси сифатидаги кластерга тақдим этишга қарор қилганини тушуна олишмаяпти. 

“4 нафар фарзандим бор. Иккиси шартнома асосида олийгоҳда таҳсил олади. Ейиш-ичиш бор. Уларни қандай таъминлаш, нима иш қилишни билмай бошим қотди”, - дейди Ўктам ака.