1991-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири бўлган генерал-полковник Зокиржон Алматов Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси сайтида мақола эълон қилинган.
«Очиғи, мен шундай улуғ инсон, Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида ёнма-ён туриб, ҳамфикр бўлиб ишлаганимдан, аввало, Аллоҳга шукрлар қиламан.
Умуман, Ислом Абдуғаниевич ҳақида жуда ҳам кўп ёзилган ва умид қиламанки, ҳали жуда ҳам кўп ёзилади. Унинг ҳар бир куни эрта билан телефон орқали мендан ахборот олиш билан бошланар эди. Ҳар кунги ахборотга, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикка, шу билан бирга, содир этилган жиноятларга ҳам катта аҳамият берар эдилар.
У кишининг ҳар бир сўзи кечагидек эсимда: “Зокиржон, билиб қўй, мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатмасдан туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди. Менинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг асосий вазифаси ана шу мамлакатда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш”.
Эсимда, 1991 йиллар Мустақиллигимизнинг илк йиллари тинчлик, осойишталик, ёш ва ҳали мурғак давлатимиз жуда катта хавф-хатарлар остида эди.

Муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб, мамлакатимизга ҳар хил миссионерларнинг кириб келишни бошлади. Уларнинг асосий мақсадлари вазиятни издан чиқариш, ёшларимизни тўғри йўлдан оздириш, уларни ҳар хил диний оқимларга аъзо қилиш, Ислом байроғини ниқоб қилиб халқни қўзғолонга даъват қилиш эди. 1991 йилда Наманган, Фарғона, кейинчалик Андижондаги воқеаларни эслайлик.
Мамлакатда ҳар хил партиялар ва ҳаракатларнинг пайдо бўлди (“Эрк” партияси, “Бирлик халқ ҳаракати” ва бошқалар). Баъзи бир буюк давлатларнинг таъсирида бўлган ана шундай партия ва ҳаракатларнинг, давлатимизни ичидан емириш, рухсат этилмаган митинг ва намойишлар ўтказишга уринишлар бўлди. 1992 йил январида Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар шулар жумласидандир.
Уюшган жиноятчиликнинг тинчлик-осойишталикка, оператив вазиятга таъсири катта эди. Ҳар кунги оператив маълумотлар 50-60 босқинчилик, талончилик, қотиллик, ҳар куни 50 тагача автомашинани ўғирлаш. Рэкет ва бошқа оғир жиноятлар, айниқса, 1991 йилнинг охирларида мамлакатда қайд этилар эди. 1991 йилнинг охирларида мамлакатда буғдой-ун маҳсулотларининг тақчиллигини юзага келиши давлат захирасида бор йўғи бир ҳафтага етадиган буғдой, ун маҳсулотлари қолган эди. Юзага келган ана шундай вазиятлар манаман деган ҳар бир раҳбарни довдиратиб қўйиши, тинчлик-осойишталикни издан чиқариши мумкин эди. Ана шундай мураккаб вазиятларда Ислом Абдуғаниевич ўзининг жамоаси билан метиндек ирода, мардлик, жасурлик кўрсатиб, мамлакатни оғир вазиятлардан олиб чиқдилар.














