Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9-10 март кунлари Тожикистонга ташрифини амалга оширади.

«Азия-Плюс» агентлиги маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида Душанбега бўладиган илк ташрифи вақтида унга Тожикистон миллий университети фан доктори фахрий унвони берилади. Президент университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар билан учрашади.

Бунгача ушбу университет фан доктори фахрий унвони Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний, шунингдек, Қозоғистон ҳамда Озарбойжоннинг амалдаги президентлари Нурсултон Назарбоев ва Илҳом Алиевга ҳам берилган.

Ўзбекистон президентининг қўшни давлатга ташрифи олдидан, 24 февраль куни Фарғонада Ўзбекистон — Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода иштирок этди.

Мазкур комиссиянинг мажлиси амалий руҳда бўлиб ўтди. Унда кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон — Тожикистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳлари томонидан бир қатор ҳужжатлар тайёрланди. Учрашув якунлари бўйича қўшма баённома имзоланди.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон учрашувидан энг кўп кутилаётган воқеа Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режими бекор қилинишидир.

Тошкент ва Душанбе келишди. Виза режими бекор қилинади

2017 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг Душанбега ташрифи давомида Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича, хусусан, виза режимини бекор қилиш бўйича келишиб олинганди. 

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон билан чегара бўйлаб жойлашган 9та назорат-ўтказиш пункти ишини тиклаш ҳақидаги қарорни тасдиқлади. Шундан биттаси темир йўлда, 8таси автомобиль йўлида.

Эндиликда, Самарқанд вилоятидаги «Жартепа», Жиззах вилоятидаги «Кушкент» ва «Учқўрғон», Сирдарё вилоятидаги «Ховособод», Тошкент вилоятидаги «Бекобод», Наманган вилоятидаги «Поп», Фарғона вилоятидаги «Равот», Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» (темир йўл) назорат-ўтказиш пунктлари, шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳудудидаги чегара пости очилиши кутилмоқда.