Ўзбекистон Республикаси Олий судига озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган Нилуфар Марипова шикоят ёзиб, судлов ҳукми билан ўзига қўйилган “ўта хавфли рецидивист” атамасини чиқаришни сўраган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов маълум қилмоқда.

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туман судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳукмига кўра Н.Марипова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25- (жиноятга суиқасд) ва 169-моддаси (ўғирлик) 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, ЖКнинг 34-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан ўта хавфли рецидивист, деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси 2016 йил 11 ноябрдаги ажрими билан мазкур ҳукмни ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд 1986 йилда туғилган, оилали, икки нафар фарзанди бор аёлга нисбатан чиқарган оғир ҳукмини Н. Марипованинг бир неча маротаба  судлангани билан асослаган.

Дарҳақиқат, Н.Марипова муқаддам уч маротаба ўғирлик қилишга суиқасд қилиб, ҳар сафар жиноятини охирига етказа олмай ушланиб судланган:

2008 йилда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Чилонзор туман судининг 29 апрелдаги ҳукмига кўра ЖКнинг 25  ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 1 йил синов муддати белгиланган;

яна 2008 йилда жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 15 сентябрдаги ҳукмига кўра унга ЖКнинг 25 ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, 2010 йил 28 августдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган;

2013 йилда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 1 июлдаги ҳукмига кўра ЖКнинг 25 ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 2 йил синов муддати белгиланган, 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Жиноят иши Олий судга чақириб ўрганилганда Н. Марипова шикоятида келтирган ўта хавфли рецидивист атамасининг нотўғри қўлланишидан ташқари бошқа ҳолатлар ҳам аниқланди. 

Дарҳақиқат, Н. Марипова 2014 йил 12 май куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Корзинка-Қоратош” супермаркетига харидор сифатида кириб,  савдо растасидан жами нархи 407 930 сўмлик молларни ўғирлашга ҳаракат қилган вақтида ушланган.

Дастлабки тергов томонидан Н. Марипова супермаркетдан 407 930 сўмни ташкил қилган мулкларни ўғирлаганликда айбли деб топилган.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 2 декабрдаги Фармонига асосан 2013 йил 15 декабрдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 96 105 сўмни ташкил қилган.