Жаҳон | 09:53 / 14.03.2018
9285
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда янги можаро: яна бир собиқ президент коррупцияда айбланмоқда 

Фото: REUTERS/Jo Yong-Hak

Жанубий Кореяни 2008-2013 йиллар давомида бошқарган собиқ президент Ли Мён Бак коррупцияда айбланмоқда. Бу ҳақда “Рёнхап” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Ли Мён Бак 14 март куни прокуратурада ушбу айбловлар бўйича кўрсатмалар беради. У жиноий тафтиш иштирокчисига айланадиган Жанубий Кореянинг 5-президенти бўлади. Шу тариқа Жанубий Кореянинг аввалги 7 президентидан фақатгина икки нафаригагина жиноий айбловлар қўйилмаган. 

Аввалроқ Ли Мён Бакнинг акаси Ли Сан Дик POSCO пўлат қуювчи компанияси иштирокидаги коррупция иши бўйича 15 ойлик қамоқ жазоси олган.

Шу билан бир вақтда Жанубий Кореянинг 2017 йил апрелда ҳибсга олинган, мамлакатни 2013-2017 йилларда бошқарган яна бир собиқ президенти Пак Кин Хе иши бўйича қарор чиқарилиши кутилмоқда. Унга 18 та банд бўйича, жумладан коррупция, порахўрлик, хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва давлат маълумотларини ошкор қилиш айбловлари қўйилмоқда. Сеул марказий суди ушбу иш бўйича 6 апрелда қарор чиқаради. 

1997 йилда Жанубий Кореянинг собиқ президенти (1980-1988) ҳарбий тўнтарувга тайёргарликдаги иштироки учун умрбод қамоқ жазосига, мамлакатни 1988-1993 йиллар давомида бошқарган Но Тхэ У эса тўнтарувлар ташкил этиш ва порахўрлик учун 17 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Уларнинг иккиси ҳам ўша йил афв этилганлар. 2003-2008 йиллар мамлакатни бошқарган, 2009 йилда коррупцияда айбланган Но Му Хён ўз жонига қасд қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид