Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарори (14.03.2018 йилда 2979-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстракцион пахта мойини биржа савдолари орқали фақат «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарига сотилиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
Экстракцион пахта мойи (бундан кейин – маҳсулот) биржа савдоларининг электрон тизимидан (БСЭТ) фойдаланган ҳолда сотилади.
Маълумот учун: биржа савдоларининг электрон тизими – биржа аъзоларига биржа савдоларида бевосита биржа савдо залида аниқ вақт режимида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат ахборот тизими.
Биржа республика ҳудудидаги исталган нуқтадан биржа аъзоларининг электрон савдоларда иштирок этишини таъминлаши шарт. Маҳсулот сотувчилари ва харидорлари биржа савдоларида мустақил равишда биржа билан тузилган шартнома асосида дилер сифатида ёки брокер ёрдамида иштирок этадилар.
«Ўзпахтаёғ» АЖ кейинги ой бошланишидан 5 кун олдин, кейинги ойда савдога қўйиладиган маҳсулот ҳажмлари ва савдо иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни биржага тақдим этади. Харидор ва сотувчиларни аванс суммасига мувофиқ биржа савдосига қўйиш ёки уларни четлаштириш, биржа савдоларининг ғолибини аниқлаш ва биржа битимини рўйхатга олиш автоматик равишда БСЭТ томонидан амалга оширилади.
Қарама-қарши буюртмаларни бирлаштириш натижаси бўйича БСЭТ биржа битимларини шакллантиради ва рўйхатга олади, шундан сўнг амалга оширилган биржа битимлари реестрини шакллантиради. Олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун биржа битими тузилган кунда биржа аъзоларига тақдим этилади. Биржа битими рўйхатга олингандан сўнг харидор олди-сотди шартномасида белгиланган муддатларда молиявий мажбуриятларини тўлиқ қоплаш учун қўшимча маблағларни ўтказиши лозим. Бунда закалат сифатида киритилган маблағлар ҳисобга олиниши мумкин.
Биржа савдоларида сотилмаган, шунингдек бекор қилинган маҳсулот ҳажмлари автоматик равишда БСЭТ томонидан кейинги биржа савдоларига қўйилади. Биржа томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун комиссион йиғим унинг суммасидан келиб чиқиб битимнинг ҳар бир тарафидан ундирилади. Биржа савдоларига қўйилган маҳсулотнинг бошланғич нархи сотувчи томонидан белгиланади. Тузилган биржа битимлари бўйича ҳисоб-китоблар Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ҲККП) орқали амалга оширилади.
Маълумот учун: ҳисоб-китоб-клиринг палатаси – биржа битимлари бўйича клиринг ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи биржанинг таркибий бўлинмаси.
















