Бугунги кунда аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиришда озиқ-овқат саноати муҳим аҳамият касб этади. Шу боис маҳаллий озиқ-овқат ва хомашё ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, бозорга хавфсиз ва сифатли озиқ- овқат маҳсулотларини истеъмол меъёрларида белгиланган ассортиментда етказиш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин юртимизда юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат саноати шаклланиб, бугунги кунда у иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланиб бормоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ўсишини таъминламоқда.
Бу борада ҳукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 19 январидаги 3484-сонли “Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ёғ-мой корхоналарини жадал ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган бўлиб, корхоналар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб беради. Ёғ-мой маҳсулотларининг ассортиментларини кенгайтириш соғлом рақобат муҳитини яратиш, маҳсулот сифатини ошириш, аҳолининг эҳтиёжини кафолатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
“Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги ёғ-мой корхоналари томонидан мавжуд технологияларни жадал ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ишлаб чиқарилаётган олий навдаги пахта мойини сифатли тарзда аҳолига етказиш мақсадида корхонлар томонидан ПЕТ-бутилкалар билан бирга шиша бутилкаларга ПРЕМИУМ тоифали пахта мойларини қадоқлаш йўлга қўйилди.
Буларга мисол тариқасида Хоразм вилоятидаги “Урганч ёғ-мой” АЖ томонидан “MARVARID”, Наманган вилоятидаги “Учқўрғон ёғ” АЖ томонидан “IDEAL”, Навои вилоятидаги “Ванғози агро экспорт” МЧЖ томонидан “Go`zal tong” ва Тошкент шаҳридаги “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖ томонидан Premium тоифали олий навли пахта мойларини шиша бутилкаларга қадоқланган ҳолда аҳолига етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Пахта ёғи бошқа ўсимлик ёғларига қараганда халқимиз орасида кенг фойдаланиб келинади. Даволаш амалиётида чигити ва пўстлоғидан ҳам фойдаланилган. Пахта мойи таркибида турли фойдали моддалар, фосфолипидлар, эфир мойлари ва фойдали омега-3 ёғ кислоталари ҳамда витамин Е ҳам мавжуд.
















