“Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмидаги эпизоддан лавҳа: шоҳ зобитлари сарой томида “иблислар”ни икки томондан қуршаб олади. Шунда князь Милославский зўр хийла ўйлаб топади. Шартта чўқинади-ю, “жойим жаннатда бўлсин”, дея ўзини гўё юқоридан пастга ташлайдигандек кўрсатади. Кейин нима бўлганини яхши эсласангиз керак.
Бу — бир фильм. Аммо ҳаётда ҳам, айниқса, ижтимоий тармоқлар тобора оммалашаётган ҳозирги жамиятда, бундай ҳолатлар ҳам учраб турибди. Сизнингча, қайсидир “иблис”нинг интернетдаги қутқусидан таъсирланиб, мусулмонларни “озод этиш” учун қирғинбаротга кетаётган ғўр-шўр ёшларнинг ўша фильмдаги бир тўда ахмоқ зобитдан қандай фарқи бор? Мен сезмаяпман. Бири ҳазил, бошқаси эса — фожиа эканини айтмаса...
Ижтимоий тармоқда фаолмисиз? Демак, навбатдаги ўлжа — сиз!
Ижтимоий тармоқ дегани ҳақиқий топилма чиқди-да! Хоҳлаган одаминг билан гаплашасан, истаганча фикр қолдирасан, “лайк” босасан, суратлар билан ўзингни кўз-кўз қиласан, газеталарда ёзилмайдиган хабарларни ўқийсан, телевизорда намойиш этилмайдиган лавҳаларни кўрасан, керак бўлса ўзинг жойлаштирасан... Хуллас, ахборот уммонида балиқдек яйрайсан. Бир эркинлик бўлса, шунча бўлар-да!
Кечирасиз-у, агар шундай ўйласангиз — бекорларнинг бештасини айтибсиз. Тармоқда саҳифангиз борми, тамом, сизнинг бу “эркинлигингиз” аллақачон ўрганиб бўлинган. Бугунги замонавий технологиялар терингизни рангидан тортиб, руҳиятингиз, дунёқарашингиз, моддий-маънавий аҳволингиз, ҳиссиётингизгача ўрганиш имконини беради. Қандай қилиб дейсизми? Оддий, сиз босаётган “класс” ёки “лайк” тугмалари орқали!
Масалан, 2008 йилда Кембриж психометрия маркази илмий ходимлари Михаил Косинский ҳамда Дэвид Стиллуэл томонидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг психологик портретини аниқлаш мақсадида махсус алгоритм ишлаб чиқилган. Унга кўра 10 та “лайк” ёрдамида фойдаланувчи ҳақида унинг касбдошлари, 70 та — дўстлари, 150 та — ота-онаси, 300 та — турмуш ўртоғига нисбатан кўпроқ маълумот олишингиз мумкин. Сингапур миллий университети олимлари яратган алгоритм билан фойдаланувчининг оилавий шароитини 86 фоиз аниқлик билан айта оласиз.
Нима, дунёдаги нуфузли илмий муассасалар бошқа иши йўқлигидан “лайк” санаб ўтирибдими? Асло, бунинг ортида катта сиёсий мақсадлар, миллиард-миллиард сармоя ҳамда Сиз билан Мени ўша арзимас белгига мурожаат қилишимиздан манфаатдор кучлар ётибди.
“Ким кўп маош олишни хоҳласа, “класс” боссин”
Аминманки, агар “Одноклассники” сайтида саҳифангиз бўлса, бир қоп пул сурати билан жойланган шунга ўхшаш постларга кўзингиз тушган. Одатда фойдаланувчилар ижтимоий тармоқда бирор фикр, сурат ёки бошқа материаллар улашганда, бу иши учун дўстларидан рағбат эшитишни, “виртуал авторитети”ни оширишни, кўпроқ “класс”га эга бўлишни истайди.















