Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш дастурлари бўйича ўқитиш учун талабаларни саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
Маълумот учун: мазкур Низом «Чақириққача ҳарбий таълим» йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлайдиган ҳарбий таълим факультетларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар учун Кўрсатилган йўналиш бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш чоғида профессионал (ижодий) имтиҳон ўтказиш тартиби тўғрисида алоҳида низом амал қилади.
Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларига (бундан кейин – ҲТЎБ) талабалар танлов асосида олий таълим муассасасида иккинчи курс охирида танлаб олинади. Танловнинг асосий мақсади суҳбатлашиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш орқали талабаларнинг ҳарбий кафедрада ўқиш салоҳияти ва кейинчалик ҳарбий мутахассислик бўйича хизмат қилиши мумкинлигини белгилайдиган чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури асосида жисмоний ривожланиши ҳамда билим даражасини баҳолашдан иборат.
Мудофаа вазири тегишли ўринбосарининг буйруғи билан Танловни ташкил қилиш ва ўтказиш учун қабул комиссияси тузилади ҳамда қуйидаги таркибда унинг аъзолари тасдиқланади:
• комиссия раиси – Мудофаа вазирлиги марказий аппарати масъул ходими;
• комиссия котиби – ҲТЎБ бошлиғи;
• комиссия аъзолари:
Мудофаа вазирлиги марказий аппарати масъул ходимлари;
тегишли олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари;
ҲТЎБ ўқитувчилари.
Комиссия январь ойидан сентябрь ойига қадар фаолият юритади. Бунда комиссия ҳузурида мудофаа вазири тегишли ўринбосарининг буйруғи билан қуйидаги кичик комиссиялар тузилади:
• шахсий-руҳий ўрганиш бўйича;
• умумжисмоний тайёргарлик кўрганликни баҳолаш бўйича;
• чақириққача бошланғич тайёргарлик дастури бўйича билим даражасини баҳолаш бўйича.















