Ўзбекистон | 18:10 / 27.03.2018
14594
2 дақиқада ўқилади

Ашраф Ғани: Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисмига айланди

Фото: KUN.UZ

Афғонистон Марказий Осиёнинг беш республикаси давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ушбу минтақанинг бир қисмига айланди. Афғонистон давлат раҳбари Ашраф Ғани Тошкент конференциясида қилган ммаърузасида шундай баёнот берди.

“Биз Марказий Осиё давлат раҳбарларининг ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ушбу минтақанинг ажралмас бир қисмига айланаётганимиздан хурсандмиз. Айнан Афғонистон орқали ғарбга, шарққа ва жанубга энг қисқа йўл ўтади. Афғонистон орқали Ҳинд океанига қисқа йўл билан чиқиш мумкин. Марказий Осиё мамлакатлари табиий захираларга бой бўлса, Жанубий Осиё айни хом-ашёга муҳтождир. Афғонистон эса, бу борада кўприк бўлиш имконига эга”, - деди Афғонистон етакчиси. 

“Аҳолимизнинг 71 фоизи 30 ёшгача бўлган кишиларни ташкил этади. Шу боисдан меҳнатга лаёқатли аҳоли борасида ҳам катта салоҳиятга эгамиз. Шунга кўра, биз минтақавий ҳамкорлик ва шерикликни қўллаб-қувватлаймиз. Минтақадаги ижтимоий муаммолар фақатгина шу минтақага хос эмас, балки глобал аҳамиятга эга. Чунки бу муаммолар чегара билмайди”, - дея таъкидлади Ашраф Ғани.

Афғонистон етакчисининг фикрича, ушбу давлат муаммоларига глобал миқёсда эътибор берилмас экан, тинчликка эришиб бўлмайди. 

“Афғонистон муаммоларига халқаро миқёсда эътибор бермасак, биз бу ерда тинчликка эриша олмаймиз. Афсуски, ҳозирча мазкур муаммога барҳам бериш борасида минтақавий ва халқаро ечим мавжуд эмас. Бундан ташқари, айрим давлатлар ва ташкилотларнинг терроризмга қарши кураш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида бир тўхтамга кела олмаётганини ҳам қайд этиш керак”, - деб таъкидлади Муҳаммад Ашраф Ғани Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда. 

Мавзуга оид