Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сон фармони имзоланди. Ҳужжат Президентнинг расмий сайтида эълон қилинди.
Қарор матнига кўра, қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан қайта янгиламасдан ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирмасдан, мамлакатимизни замонавий ривожланган давлатга айлантиришга тўсиқ бўлаётгани, тизимли муаммолар мавжудлиги қайд этилган.
Қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида, авваламбор, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилади.
Дастурнинг устувор мақсадлари ва харажатларнинг асосий манбалари этиб белгиланмоқда:
- республика бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига аҳолини ишончли тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида қишлоқ ва туман маркази орасида автобус қатновини йўлга қўйиш;
- маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария иншоотлари ва ирригация тизимларини барпо этиш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш;
- халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига электр таъминотини яхшилаш, алоқа тизимини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш;
- ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда тегишли харажатларнинг ярмини республика бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳамда қолган қисмини маҳаллий бюджет ва маҳаллий ҳомийлар ҳисобидан молиялаштириш;
- бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан барпо этиш;


















