Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни яхши шароитда эмин-эркин улғайиб, тарбия топиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу масалада БМТнинг Болалар жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисидаги асосий битим 1994-йил 19-декабрда Тошкент шаҳрида имзоланган. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1995-йил 22-декабрь куни ратификация қилинганди.

Ўзбекистон Республикаси ва ЮНИСEФ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳамкорлик қилиш Мамлакат дастури (Country program) доирасида олиб борилади. Kun.uz мухбири ана шу Мамлакат дастури ҳамда ЮНИСEФнинг ўзгармас мақсадлари борасида ташкилотнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Саша Грауман билан суҳбатлашди.

«Ташкилотимиз Ўзбекистонда олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар даврини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Биз айнан шу тарздаги ижобий ислоҳотлар билан бола ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш ва бўшлиқларни тўлдириш имконияти пайдо бўлаётганидан хурсандмиз. Хабарингиз бор, ЮНИСEФ БМТ шаъфелигида Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция талабларини ҳудудларда ижро этилишини кузатади. Шунингдек, соҳани ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича маслаҳатларини беради. Бу ўзгаришларнинг тўлқинида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конвенция талабларини бажариш мақсадида вазирликлараро фаолият олиб борувчи махсус комиссия ташкил этилган ва унга Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева бошчилик қилмоқда», деб фикр билдирди жаноб Гаруман.
Саша Грауман 5 йил аввал БМТ томонидан Ўзбекистон учун тақдим этилган алоҳида тавсиялар асосида Миллий дастур ишлаб чиқилгани, унда барча тавсиялар инобатга олингани ҳақида сўзлаб ўтди.

«Халқаро Меҳнат ташкилоти бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини атрофлича ўрганиб чиқмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон бу соҳада ҳам катта ютуққа эришди. Ташкилотнинг хулосасига кўра, Ўзбекистонда тизимлашган бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолати мавжуд эмас. Президент бу масалада аниқ позицияни билдирди: ноқонуний бола меҳнатидан воз кечиш билан бирга, ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнат озод этиш ҳақида кўрсатмалар берди. Боланинг соғлом улғайиши ва таълим олиши учун муҳим бўлган шифокор, ўқитувчилар мажбуран пахта терим мавсумига жалб этилмаслиги билдирилди. Бу масалага астойдил, изчил равишда ёндашиш яхши натижа беради», ўз хулосасини тақдим этди у. 

Саша айнан эрта улғайиш даври, бола тарбияси ҳақида гапириб ўтди. Табиийки, бу мезонлар ёшлар сиёсатини шакллантиришда қандай роль ўйнашига қизиқдик.