Тожикистоннинг «Asia Plus» медиа портали мухбири Ўзбекистоннинг олтита вилоятида меҳмон бўлиб, қўшни давлат қандай яшаётгани ҳақида ҳикоя қилувчи мақола тайёрлади.

«Унга кўз тегмасин!». Оддий ўзбекистонликлар ўзларининг президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида шундай дейишмоқда ва республика йўлларидаги блокпостлардан халос бўлишмоқда.
Шундай қилиб, мен Тошкентга боришим керак эди ва мен самолётда эмас, Сўғд вилояти орқали эмас, у ерга бориш учун Турсунзода шаҳридан кейинги чегара орқали Сурхондарё вилоятига олиб кирувчи энг узоқ йўлни танладим. Мен бу ердан Тошкентгача деярли минг километр йўл босиб, олти вилоят — Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтишим керак эди.
Майда савдогарлар қимматроқ сотиш мумкин бўлган ҳамма нарсани олиб келишмоқда
Виза режими бекор қилингач, тожик-ўзбек чегарасини ҳар куни икки томондан 10 мингга яқин инсонлар кесиб ўтишмоқда. Энди чегара ўтказиш пунктлари гавжум ва шовқин-суронли. Улар, асосан, у ёқдан бу ёққа кенг истеъмоли моллари ташиётган савдогарлардир. Масалан, Ўзбекистондан Тожикистонга товуқ тухуми, гуруч, ўсимлик ёғи ва текстил маҳсулотлари келтиришмоқда. Тожикистондан Ўзбекистонга олма, нок, кенг истеъмол моллари, чангюткич ва гиламлар. Давлат чегарасининг ҳар икки тарафида қизғин савдо кетаётган мўъжаз бозорчалар ҳам пайдо бўлган.
Айни пайтда ҳар икки давлат қонунлари божхона тўловларисиз 300 доллардан ортиқ бўлмаган маҳсулотларни олиб ўтишга изн беради, бу эса майда савдогарларга ҳаракат эркинлигини яратади. Дарвоқе, Ислом Каримов даврида Тошкент Ўзбекистонга божхона тўловларисиз 10 доллардан ортиқ бўлмаган маҳсулотларни олиб киришгагина рухсат берилганди.
Ўзбекистон ўз ҳудудига Тожикистоннинг барча фуқароларига 2 минг АҚШ долларигача бўлган пул маблағларини декларациядан ўтказмасдан олиб киришга рухсат берган; илгари ҳар қандай миқдордаги пул, қимматбаҳо буюмлар мажбурий тарзда декларацияланарди.
Божхоначиларнинг ҳам иши ўзгарган, улар энди фуқароларнинг юкларини қўлда текширишмайди, махсус техникадан фойдаланишади. Яқин-яқингача тожикистонликларнинг багажини ўзбек божхоначилари шахсан текширишарди; одамларнинг пойафзаллари ва пайпоқлари ечтириларди, чўнтаклардан ҳамма нарса чиқариларди.

















