Шу йил февраль ойида сайтимиз орқали «Бешариқнинг ечимини кутаётган беш муаммоси» номли мақола эълон қилинган, унда Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги аҳоли ва тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида ёзилган эди.

Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, мавжуд камчиликларни қай даражада ҳал этилгани билан танишиш мақсадида Бешариқ туманига яна йўлга чиқдик.

Ўша мақола ва видеорепортажда туман деҳқон бозоридаги ачинарли ҳолат, Ропқон қишлоғидаги 450 гектарлик ўрик боғлари сувсизликдан қуриётгани, тадбиркор йигитнинг кичик корхона очишига туман ҳокимлигининг эътиборсизлиги, кушхона очиш учун рухсат ололмаётган тадбиркор билан боғлиқ тушунарсиз ҳолат ҳамда туман марказидаги  масжид ёнидаги тартибсизликлар баён қилинган эди. 

Навбатдаги сафаримиз давомида туман мутасаддиларининг маълум камчиликларни қай даражада ҳал қилишга киришганига тўхталамиз.

Бешариқ бозорида
Манзилга етгач, туман ҳокимлиги биносига бордик. Туман ҳокими ва биз билан мулоқот қилиши мумкин бўлган мутасаддилар топшириқлар билан жойларга чиқиб кетишган экан. У ердагиларга яна қайтиб келишимизни айтиб, Бешариқ бозоридаги ҳолатни кўргани йўл олдик.

Аввалги мақоламизда 2012 йили Бешариқ ҳокимлиги томонидан фуқаролар келиб-кетишига қулай бўлган ҳудуд  - Дўстлик кўчасидан жой танланиб, кийим-бош, хўжалик моллари, ёғоч ва бошқа қурилиш маҳсулотлари билан савдо қилувчи, замонавий кўринишдаги бозорлар қурилгани, мазкур савдо мажмуаларида тегишли ҳужжатлар асосида иш юритадиган, маҳаллий бюджетга вақтида барча тўловларни амалга оширадиган тадбиркорлар фаолиятини олиб бораётгани, бироқ туман ҳокимлиги ва Давлат солиқ инспекцияси айни пайтда савдо қилишга яроқсиз ҳолда бўлган ва реконструкцияга тушган «Деҳқон бозори»дан «Янги бозор»га тадбиркорларни жалб қилишга жуда ҳам бош қотирмаётгани танқид остига олинган эди. Деҳқончилик маҳсулотлар билан саноат моллари аралаш сотилаётган бозорда савдо «гуллаб-яшнаётгани»га алоҳида урғу берган эдик. Барча солиқларни тўлаб, меъёрий ҳужжатлар асосида Дўстлик кўчасидаги «Турон саноат-савдо» бозорида иш олиб бораётган тадбиркорларнинг борган сари фиғони фалакка чиқаётгани видеолавҳалар орқали берилганди.

Бу сафар ўша «Деҳқон бозори»да бўлганимизда, муаммо юзасидан бироз ўзгариш қилинганини сездик, десак хато бўлмайди. Сабаби, бозор ёнидаги Ё. Абдуллаев кўчасидаги ҳаракатланиш меъёрига тушибди. Бироқ, бозор атрофидаги кўчаларда тартибсиз савдо ўшандай давом этмоқда. Антисанитария, беҳужжат ёйма савдогарчилик ва тумонат одам. Бозорда реконструкция ишлари бошланганига уч йил бўлибди. Бир томонда бузилиш ишлари иккинчи томонда савдо-сотиқ. Бу бозор қачон битиши маълум эмас. Деҳқон бозорини ярим соатлар чамаси айланиб, яна Дўстлик кўчасидаги бозорга бордик.