Ўзбекистонда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, ўтган йиллар давомида соҳа ривожи йўлида давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик алоҳида аҳамиятга эга.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йили имзоланган «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори фикримизнинг ифодаси.

9 йил муқаддам қабул қилинган, рақобатбардош юқори сифатли ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришни рағбатлантириш, ички истеъмол бозорини улар билан янада тўлиқроқ бойитиш, тайёр ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи янги маҳаллий корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжудларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, бунинг асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, инсонларнинг даромадлари ва фаровонлик даражасини ошириш мақсади билан ҳаётга тадбиқ этилган қарор бугунги кунга келиб ўз самарасини берди. Хусусан, чарм тайёрлаш ва чармпойабзаллари, чармдан ишланган турли буюмлар ишлаб чиқаришда ҳам қатор ютуқларга эришилди.

Биргина Наманган вилоятини оладиган бўлсак, 2017 йил якуни билан вилоятда чарм маҳсулотлари билан ишлаш йўналишидаги 79та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 11,4 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилнинг январь-февраль ойларида вилоятда ишлаб чиқарилган 638,8 минг долларлик чарм-пойабзали ва тери маҳсулотлари жаҳон бозорларида сотилишига эришилди.

Албатта, бу натижаларга эришишда давлатимиз раҳбари томонидан юқоридаги қарор билан мазкур соҳага берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар муҳим рол ўйнаб келди.

Афсуски, Президентнинг ўша 1050-сонли қарорида белгиланган барча имтиёз ва имкониятлар 2018 йил 1 январь санасида ўз кучини йўқотди. Табиийки, бу бугунги кунда юзлаб корхоналарга салбий таъсирини кўрсатди. Kun.uz таҳририяти мазкур муаммо юзасидан Наманган вилоятига борди ва бир қанча тадбиркорларнинг хавотирли вазияти билан танишди.