Ўзбекистон | 01:10 / 09.04.2018
14224
2 дақиқада ўқилади

Санъаткорлар ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида Президент номидан мукофотланади

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги «Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 271-сонли қарори қабул қилинди.

Ҳуқуқий ахборот каналининг шарҳига кўра, ушбу қарор билан «Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш тартиби тўғрисида Низом» тасдиқланди.

Низомга кўра:

  • Миллий маданиятимиз ривожига катта хисса қўшган санъаткорлар ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшлар энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади ва уларга мукофотланганлик тўгрисида сертификат топширилади;

Мукофотлашга, қоида тариқасида, қуйидаги соҳаларда фаолият юритаёттан маданият соҳаси вакиллари тавсия этилади:

  • композитор, бастакор ва санъатшунослар;
  • театр, кино ва оммавий тадбирлар актёрлари, режиссёрлари;
  • дирижёрлар, балетмейстерлар;
  • мусиқа, хор, рақс, цирк, оркестр, ансамбль ижрочилари ва ушбу жамоаларнинг бадиий раҳбарлари;
  • достон ижрочилиги намояндалари;
  • шоир ва ёзувчилар;
  • музей ҳамда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар;
  • тасвирий ва амалий санъат вакиллари, дизайнерлар.

Мукофотлашга маданият соҳасининг бошқа йўналишларида фаолият юритаётган номзодлар ҳам тавсия этилиши мумкин.

Номзодларни тавсия қилиш ва ғолибларни аниқлаш ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси томонидан амалга оширилади.

Мукофотлаш маросими ҳар йили Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрами арафасида ўтказилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид