
«Барселона» клуби Чемпионлар Лигаси чоракфинали жавоб баҳсида «Рома»га 0:3 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этди. Бу мағлубият каталонияликларнинг мусобақа тарихидаги энг катта омадсизликлари қаторидан жой олди.
Россиянинг «Чемпионат» сайти уларнинг 10тасини эсга олди.
1992/93 мавсуми. «Барселона» – ЦСКА – 2:3

Совриннинг амалдаги соҳиби шов-шувли тарзда Россиянинг ёш жамоасига ютқазиб, саралаш босқичидаёқ турнирни тарк этди ва гуруҳ босқичига чиқолмади. Москвадаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди, ўз майдонида эса, «Барселона» 1-бўлимдаёқ 2:0 ҳисобида олдинда эди. Аммо, Бушманов, Машкарин ва Карсаковнинг голлари эвазига ЦСКА йилнинг асосий сенсациясини содир қилди.
1993/94 мавсуми. «Барселона» – «Милан» – 0:4

Кейинги мавсумда каталонияликлар Чемпионлар Лигаси финалига чиқдилар ва «Милан» клубидан қақшатқич зарба едилар. Ўйиндан олдин, кўплаб мутахассислар Йоҳан Кройфф шогирдларини асосий фаворит деб ҳисоблашаётганди. Аммо, майдонда Фабио Капелло қўл остидаги «Милан» устунлик қилди. 1-бўлимда Даниэль Массаро томонидан урилган 2та гол шармандали натижани бошлаб берган эди.
1997/98 мавсуми. «Динамо» Киев – «Барселона» – 3:0 ва 4:0

Валерий Лобановский қўл остидаги Киевнинг «Динамо» клуби гуруҳ босқичининг ҳар иккала ўйинида ҳам «Барселона»ни янчиб ташлади. Киевда Сергей Ребров, Юрий Максимов ва Юрий Калитвинцевнинг голлари мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. «Камп Ноу»даги 0:4 ҳисоби эса «Барселона»нинг еврокубоклар тарихида, ўз майдонидаги энг йирик мағлубияти бўлди. Каталония пойтахтида Андрей Шевченко ҳет-трикка эришди.



















