"Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.

Қонун билан давлат мукофотларининг турлари белгиланди. Унда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, Ўзбекистон  Республикасининг 34 та фахрий унвони, 11 та орден, 4 та медаль ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи бор.

Давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Марказий банки, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа республика муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари томонидан киритилади. Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек чет эл юридик шахсларини тақдирлашга доир тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади.

Давлат мукофотларига тақдим этиш ташаббуси билан чиқиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби, тақдимномага илова қилинадиган ҳужжатларнинг рўйхати, шунингдек давлат мукофотларига доир гувоҳномаларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббуси билан мустақил равишда чиқишга ҳақлидир.

Давлат мукофотлари билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан амалга оширилади.

Давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг айни бир ордени, медали ва Фахрий ёрлиғи билан такроран тақдирлаш, шунингдек такроран фахрий унвон бериш амалга оширилмайди, бундан даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари мустасно.

Даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари билан тақдирлаш кетма-кетликда — қуйи даражадан юқори даражагача амалга оширилади.