Ўзбекистон | 15:50 / 15.04.2018
17840
4 дақиқада ўқилади

Тахиатош туманида Кушон даврига оид қалъа қолдиқлари топилди

​Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳудудидан 2000 йиллик тарихга эга Кушон империяси даврига оид қалъа қолдиқлари топилди. Айни пайтда бу ерда таниқли археолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниязов раҳбарлигида вақтинчалик археологик ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Есимқан Қанаатов Kun.uz'га маълум қилди. 

«Шу йил бошида, аниқроғи, 4 январь куни Тахиатош тумани ҳокимлигидан туман ҳудудидан эски кулолчилик идишлари топилгани ҳақида қўнғироқ қилиб айтишди. Шу куни топилган кўзаларни менга олиб келиб кўрсатишди. Эртасига ўша ерга бориб ҳудудни кўздан кечирдик. Ҳақиқатдан ҳам бу ерда эски тарих излари намоён бўлаётганди.

Қорақалпоғистонда чин маънода археология ишлари ўтган асрнинг 36-37 йиллари бошланган бўлса, шу кунгача Тахиатош тумани ҳеч бир археологнинг назарига тушмаган. Сабаби бу ерда кўзга кўриниб турган деворлар ёки қалъа қолдиқлари йўқ эди. Мана биз туман ҳокимининг илтимосига биноан бу ерда вақтинчалик археологик ишларини олиб бордик ва бу ердан ёши 1800-2000 йилларга бориб тақаладиган тарихий ёдгорликларни топдик»​, дейди археолог Ғ.Хўжаниёзов. 

Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Тахиатош туманининг «Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган қадимий қалъа маҳаллий аҳолини ҳам бефарқ қолдирмади. У ердан топилган эсдаликлар туман халқ таълими бўлимига қарашли 4-умумтаълим мактаби музейига топширилмоқда.

Мазкур музей 2010 йилда мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Аралбой Нуржановнинг ташаббуси ҳамда директори Гулшод Изтлеуованинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилганди. Ҳозирда бу ерда 1500 дан зиёд экспонат сақланмоқда. Мўъжазгина музейда топилмалардан ташқари қадимий миллий либослар, тақинчоқлар, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин.

Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

 «Ўрта аср араб ёзма манбаларида Миздақхон (Ҳозирги Хўжайли тумани маркази) ўзининг ҳудуди ва аҳоли сони бўйича Қият ва Гурганждан (Қўҳна Урганч) сўнгги Жанубий Орол бўйидаги учинчи шаҳар экани қайд этилади. Миздақхон ҳудудида 1200 овул-шаҳар бўлган. Бизнингча, шулардан бири ҳозирги Тахиатош тумани ҳудудида бўлган бўлса керак. Чунки, Тахиатош шаҳри қадимий шаҳар қурилишига эга бўлган ҳудудда барпо этилган. Унга 2000 йили шаҳар ҳудудидан топилган (Кетмончи бобо мозори) эрамизнинг II-IV, VII-IX, X-XIV асрларига оид буюмлар мисол бўла олади. 2012 йили тоғ бошидаги Кетмончи-2 мозори қошидан ўрта асрларга оид минора қолдиқлари ҳам аниқланган эди. Тарихий манбалардан ўрта асрлардаги халқаро карвон йўлининг бир қисми Бухоро – Варахша – Қизилқум – Шорахан (Тўрткўл) – Кат (Шоббоз-Беруний) – Нузкат – Вайхан – Нуқбоғ – Миздақхон (Хўжайли) – Гурганж (Қўҳна Урганч) йўналишида ўлкамиз ҳудудидан ўтгани маълум. Бизнинг фикримизча, Нуқбоғ (Тоза боғ) Тахиатош тумани ҳудудига тўғри келиши мумкин. Албатта, буни ҳали вақт кўрсатади»​, дейди Ғ.Хўжаниёзов.

Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Фото: Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Қадимий сирларни асрлар бўйи қўйнида сақлаб келган Тахиатошда махсус археологик амалиётлар келгуси йилларда қайта давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Тахиатош тумани ҳудудидан XII-XIII асрларга оид буюмлар қолдиғи топилганлиги ҳақида аввал ҳам хабар берилганди. Энди Тахиатошнинг ёши фақат 1000 йилликлар билан эмас, балки 2000 йил ва ундан ҳам узоқроқ вақтлар билан ўлчаниши мумкин.

Мавзуга оид