Шу йилнинг 10 январь куни Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар деҳқон бозори реконструкция қилиниши муносабати билан вужудга келган муаммолар ҳақида видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда дўконлари бузилган маҳаллий тадбиркорлар товон пулини олиш борасида муаммоларга дуч келаётгани, айрим тадбиркорлар эса, товон пулидан воз кечган ҳолда, Янгиер шаҳар деҳқон бозорининг қурилишида ўз ҳисобларидан иштирок этиш таклифини илгари сурган эди. 

Бизга маълум қилишларича, мақола эълон қилинганидан сўнг, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори Янгиер шаҳрига бориб, ҳоким ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказган. Икки томонлама келишувга асосан маҳаллий тадбиркорлар МЧЖ ташкил этиб, низом жамғармасини шакллантирадиган бўлишган. Шундан кейин бозорнинг ярмини қуриш бўйича лойиҳа уларга тақдим этилиши, тадбиркорлар қурилиш меъёрларига мувофиқ равишда бозорнинг ўз чекларига тушган қисмини барпо қилишлари лозим эди. 

“Сайтингизда ушбу бозор билан боғлиқ хабар чиққанидан сўнг, Янгиерга вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори келиб, йиғилиш ўтказишди. Шаҳар ҳокими билан келишувга эришилди. Биз товон пули олмаслик бўйича тилхат ёзиб, 13 тадбиркор бирлашиб, МЧЖ ташкил қилдик. Унинг балансига 20та дўконни киритдик. 5 млрд сўмлик низом жамғармаси ташкил этдик. Келишувга ишониб 100 тонна цемент, арматура ҳам харид қилиб қўйдик.

Барча ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг, шаҳар ҳокимиятидаги мутасаддилар ҳоким қарорига илова қилинадиган ҳужжатга имзо чекишди. Биргина шаҳар ҳокимининг имзоси қолган, бироқ у пайсалга солмоқда. Даставвал, розилик билдириб турган Элёр Хўжаев, эндиликда, бозордаги бошқа дўкон эгалари ҳам товон пули олмасликлари учун тилхат ёзиб беришлари кераклигини талаб қилмоқда”, - дейди тадбиркорлардан бири Абдурашид ака. 

Маълум бўлишича, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокурори ҳамда савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, солиқ бошқармаси тадбиркорларнинг таклифини қўллаб-қувватламоқда. Янгиер шаҳар ҳокимлигидаги айрим мутахассислар ҳам тадбиркорлар ажойиб фикрни илгари сургани, қолаверса товон пулидан воз кечганлари ҳам шаҳар бюджетига анчагина ёрдам эканини таъкидлашди.