Мамлакатимизда аҳоли ижтимоий ҳаётини яхшилаш, ҳудудларда маҳаллаларнинг янгича кўринишдаги гузарларини бунёд этиш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгилаб ўтилган. Афсуски, бу ишларда ҳам бир қанча соҳага оид келишмовчиликлар, масъулиятсизлар ва муаммолар кузатилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида энг аввало халқнинг ишончини таъкидлаган ҳолда, уларнинг тинч-тотув яшашида доимо адолат ҳукм суриши кераклигини қайта-қайта такрорламоқда. Яна бир муҳим жиҳати, одамлар давлат бошқарувига, президентнинг ҳудудлардаги вакилларига ишонсагина халқ рози бўлиши айтилмоқда.

Лекин айрим жойларда бундай бўлмаяпти. Хусусан, Тошкент шаҳри Миробод тумани, Миробод маҳалла фуқаролар йиғини 3-, 5-, 88- ва 90-уйларда истиқомат қилувчи кишилар замонавий маҳалла гузари қурилишидан норозилик билдириб, «Kun.uz»га мурожаат йўллашган. Бу ерда аҳоли норозилигига қарамай қурилиш ишлари бошланган. Шундай сўнг аҳоли қурилиш ишларини тўхтатишга уринган. Қурувчилар ва аҳоли ўртасида зидддиятлар келиб чиқиб, йиғилганлар ҳаётига хавф солувчи хатти-ҳаракатлар содир бўлган. Айни манзара аҳоли томонидан тасвирга ҳам туширилган. Шу куни оқшом пайти ижодий гуруҳимиз воқеа жойига чиқди. Қурувчилар гуруҳи бизни кўриб, қурилиш объектини тарк этишмоқчи бўлишди. Биз эса улардан қурилиш ишлари борасида ахборот олишга уриниб кўрдик. Аммо улар аввалига ёлғон ахборот беришди, сўнг мавҳум жавоблар билан ҳудудни тарк этишди.

У ерда яшовчи маҳаллий аҳоли вакилларидан бири шу воқеа хусусида шундай дейди: «Бу ерда қурилиши режалаштирилган бино намунавий маҳалла гузари эмас, балки манфаатдор тадбиркорларнинг савдо комплексидир».

Аслида лойиҳалар халқнинг тинч-тотув ва фаровон яшашига хизмат қилиши керак эмасми?

Таъкидлаш керак, участка нозирлари бугунги кунда худудда тинчликни асраш, турли зиддиятларнинг олдини олиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларни расмийлаштириб, тегишли чора кўриши лозим. Бироқ Миробод маҳалла фуқаролар йиғини учатка нозирлари аҳоли ва қурувчилар ўртасида зиддиятнинг бевоcита гувоҳи бўлишсада, ҳеч қандай чора кўришмаган. «Kun.uz» ижодкорлари воқеа жойига борганида ҳам участка нозирлари вазиятга аралашмади. Аксинча, воқеа жойида камера объективига тушиб қолмаслик учун объектни тарк этди. Ижодий гуруҳимиз қурилиш ишлари юзасидан аҳоли билан суҳбатлашди.