Хорватиялик 47 ёшли мураббий Нико Ковач «Бавария»га мураббий этиб тайинланди. Бу танлов Мюнхенда қандайдир топ мураббий кутаётган футбол жамоатчилиги учун сюрприз бўлиши мумкин. Ҳатто хабарларда айтилишча, Ковачнинг ўзи «Бавария» учун учинчи танлов бўлган экан - клуб аввало Хайнкесни олиб қолишни ёки Томас Тухелни тайинлашни режалаштирган экан. Аммо якунда «Бавария»нинг собиқ футболчиси шу йилнинг июль ойидан «Бавария»ни бошқарадиган бўлди. Нима бу? Иложсизликми?

Ҳар қандай вазиятда издан чиқмайдиган ва соғлом фикрлайдиган немис клубидан таваккалчиликни кутиш мумкинмаслигини билган ҳолда, Ковач варианти қандай пайдо бўлгани ҳақида фикр юритиш зарар қилмайди.

Жорий мавсум олдидан, «Бавария»га нисбатан бироз сокин умидлар ҳукм сурарди. Кўпчилик ушбу мавсумда жамоадан ёрқин ғалабалар кутиш қийин эканини тан олгандек эди гўёки. Шундай пайтлар бўлдики, мюнхенликлар ажойиб старт олган «Боруссия»дан 5 очко ортда ҳам боришди - наҳотки чемпионлик серияси шу билан ниҳоясига етса? «Бавария» деярли ҳар йили шундай ҳолатга тушиши ва кўпинча, мавсум давомида рақибларини бирин-кетин қувиб ўтишини билиб турсак ҳам, негадир, бу сафар жамоа атрофидаги муҳит аввалгилардан бошқачадек туюларди.

Анчелоттининг истеъфосидан сўнг, бу мавсум бой берилгандек тасаввур уйғонган бўлса-да, кейин, ҳеч ким кутмаган мўъжиза юз берди. Аввалига барчаси Томас Тухелнинг клуб бошқарувига келишидан далолат қиларди. Руминиггенинг ёш мураббий билан жуда яхши алоқада экани ҳам бунга исбот эди. Аммо клубга қайтган Хёнесс у қадар таваккалчи эмас, у мавҳум янгиликдан, синалган эскиликни танлаши турган гап. У жамоанинг сўнгги йиллардаги энг оғир даврида яна Юпп Хайнкесга мурожаат қилди. Таклиф берилаётган тараф балки, қариянинг рози бўлишидан у қадар умид қилмагандир, лекин Хайнкес рози бўлди - мавсум қутқариб қолинганди.  

Юппнинг муваффақиятлари кўпчиликни адаштириши мумкин. Анчелотти даврида пайдо бўлган муаммолар ечилгандек, жамоада ҳаммаси йўлга қўйилгандек туюлар, аммо аслида ундай эмаслигини клуб раҳбарлари билиб турибди. Бундеслигада ғалаба қозониш «Бавария»да муаммолар йўқлигини исботлай олмайди, Чемпионлар Лигасида эса, ярим финалга чиқилган бўлса-да, «Бешиктош» ва «Севилья» тўсиғидан ўтиш айтайлик, «Рома», «Ливерпуль» ва ҳатто ярим финалдаги рақиб «Реал»нинг аввалги босқичлардаги қаҳрамонликлари олдида ҳеч нарса эмас.

Муҳими, «Бавария»да ҳаммаси назорат остида ва вақтинчалик муаммолар ёки вақтинчалик муваффақиятлар ўз йўлидан оғдиришга етарли бўлмайди. У ерда ҳаммасига соғлом назар билан боқадилар, «Бавария» ўзига хосликни сақлаш ва белгиланган режа бўйича юриш бўйича Ули Хёнесс каби содиқ одамни бошқа топа олмайсиз. Агар мана шу йўналишда фикрласак, Нико Ковачнинг тайинланиши аслида кутилмаган сюрприз эмас, айнан «Бавария»ча ечим эканини пайқаш мумкин.