Ушбу масала Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ҳамда Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (Адлия вазирлиги томонидан 05.07.2011 й. 2240-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) билан тартибга солинган, деб ёзмоқда “Инсон ва қонун” нашри.
Кодекснинг 290-моддаси ва Йўриқноманинг 17-бандига кўра, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо назарда тутилган бўлса, унда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ҳайдовчидан олиб қўйилади.
Демак, агар ҳайдовчи содир этган қоидабузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда назарда тутилган жазо транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш бўлмаса, унда баённома тўлдирилгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳайдовчига қайтариб берилиши керак.
Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун, улар неча марта содир этилаётганидан қатьи назар (яъни биринчи марта содир этилса ҳам), ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин:
ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши ёхуд мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши;
йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши;
тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш;
транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши мол-мулк шикастланишига, жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки моддий зарар етказилишига олиб келса.
Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин:
транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчининг телефондан фойдаланиши;
транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш;
















