Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров таълим муассасаларида ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақтини ўзгартириш, ёзги таътилни қисқартириш ҳисобига қишки таътил муддатини узайтириш ҳамда бошланғич синфларда дарс машғулотлари давомийлигини 5 дақиқага камайтириш таклифи билан чиқмоқда.
Хўш, мазкур таклифларни жўяли деб ҳисоблаш мумкинми? Бундан ўқитувчи ва ўқувчиларига бирор енгиллик бўладими? Жамиятга-чи? ЎзА мухбири Воҳид Луқмон ушбу саволларга ойдинлик киритади.
— Ўзбекистон дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари билан таққослаганда таълим соҳасига давлат бюджетидан энг кўп маблағ ажратадиган давлатлардан бири ҳисобланади, — дейди Абдурашид Абдуқодиров. — Бироқ шунга қарамай, мажбурий таълимга жалб этилиши лозим бўлган ўқувчилар сонининг кўплиги, таълим соҳасида хусусий сектор улушининг деярли йўқлиги соҳада кечаётган ислоҳотларни сифатли ва самарали амалга оширишда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ривожланган давлатларда умумтаълим мактабларида ўқув йилининг бошланиши ва таътил кунлари таълим мақсадидан, ташкилий масалалар ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб белгиланади. Худди шу қоидалар ўқув соатларининг давомийлигига ҳам таъсир қилади.
Масалан, Европанинг кўплаб давлатларида ўқув йили кузнинг илк ойида бошланади. Бироқ, аниқ санаси ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиқиб бир-биридан фарқ қилади. Масалан иссиқ ҳудудларда қиш фаслида кўпроқ ўқиш ҳисобига, кузги таътиллар давомлироқ бўлади.
Буюк Британияда ўқув йили уч семестрга бўлинади ҳамда қиш ва баҳор фаслида 2–3 ҳафтадан таътил берилади. Ўқув йилининг бошланиши, саналари штат билан штат ўртасида фарқ қилса-да, АҚШда ҳам Европа давлатларидаги сингари август ойининг охири, сентябрь ойининг бошларига тўғри келади. Японияда ўқув йили табиатдаги янгиланиш даврига мос ҳолда апрелдан бошланади. Хитойда ҳам биздагидек, 1 сентябрдан ўқув йили бошланса-да, ўқувчиларнинг таътиллари июль ва август ойидаги ёзги ва январь ёки февралдаги бир ойлик қишки таътилларга бўлинади.
Хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб, иссиқлик ва электр энергиясига бўлган талаб куз-қиш мавсумида кескин ошишини ҳисобга олиб, ресурсларни тежаш, ўқувчиларга қиш мавсумида қулай шароит яратиш, қиш ойларида таълим муассасаларини иситиш ва ёритиш сарфини икки баробарга қисқартириш каби мақсадларни инобатга олган ҳолда ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақти, ўқув йили давомидаги таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ҳисобига қишки таътил кунларини белгилаш таклиф этилмоқда.
















