17:20 / 19.04.2018
5350

ОАВни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 2018-2020 йиллардаги фаолиятига доир концепцияси тақдим этилди

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда Ўзбекистонда ислоҳотлар шиддат билан олиб борилаётган бир даврда мамлакат журналистикаси ривожланишини қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг фуқаролик позицияси ва мустақил тафаккурини шакллантириш, юртимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларни босма ва интернет ОАВда кенг ёритилишини янада рағбатлантириш ва бу йўлда журналистлар фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Жамоат фондининг босма ва интернет ОАВнинг ижодий ва техник ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва нашрлар ҳолатини яхшилашга доир концепция ишлаб чиқилди ва тақдим этилди. KUN.UZ мухбири Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Фонднинг 2018-2020 йиллардаги фаолиятига доир концепцияси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Босма ахборот нашрлари ва агентликлари материалларининг касбий, ғоявий ва бадиий савиясини кўтаришга йўналтирилган лойиҳа ҳамда дастурларни молиялаштириш ва амалга ошириш;
  2. Мустақил ОАВ ва ахборот агентликлари журналистлари ва техник ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги ўқув стажировкаларини ташкил этишни молиялаштириш ва амалга ошириш;
  3. Интернет тармоқларида мамлакат ахборот ресурсларини ривожлантириш;
  4. Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларига жамият учун алоҳида ижтимоий аҳамиятга молик бўлган илмий лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиш;
  5. Босма ОАВни ривожлантириш мақсадида хорижий молиявий манбаларни жалб этишга доир лойиҳаларни амалга ошириш.

Мазкур концепцияни ишлаб чиқишдан мақсад фонднинг келгусидаги вазифаларини олдиндан режалаштириш ва шу режалар асосида вақт ва шароитларни инобатга олган ҳолда тез мослашувга эришиш, шунингдек ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган ташкилотлар учун аввалдан маълумотларни тақдим этиш ва шу орқали лойиҳаларни илмий асосланган натижалари билан танишиш имконини яратишдан иборат.

Top